“Дарё”да “Ҳушимдан кетдим, ҳатто тез ёрдам чақирмаган” — Қаршида ИИБ ходими ҳомиладор аёлни калтаклаган бўлиши мумкин, деб номланган мақола эълон қилинганди. Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг “Дарё”га билдиришича, воқеа прокуратура томонидан ўрганилмоқда.

“Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 10 июлдаги қарори Қарши шаҳар прокуратураси томонидан ижро учун қабул қилинган. Текшириш натижалари ҳақида қўшимча хабар қилинади”, дейди Ҳаёт Шамсутдинов.

Қашқадарёлик Марҳабо Боймуродова таҳририятга мурожаат қилар экан, Қарши шаҳрида ИИБ ходимлари ва мулозими унинг ҳомиладор ҳолига қарамай қўл кўтаргани, тепгани ва бўғиб, зўравонлик қилганини айтганди.
2025 йилнинг 13 июнь куни бир аёл билан ўзаро муҳокамамиз бор эди. Ўша бўйича мени ноҳақ, ҳеч қанақа фактларсиз, ясама, сохта фактлар билан ички ишлар бўлимига олиб боришди ва у ерда ўша Фаррух Ибрагимов — ички ишлар бўлими бошлиғи, мени судраб урди. Ҳар хил гаплар билан ҳақорат қилди. Шунчалик бақириб ҳақорат қилдики, унинг овози кўчанинг нариги ёғига эшитилди, ички ишлар бўлимини тутиб кетди. Мен бу бўйича 1102 телефон рақамига қўнғироқ қилиб, мурожаат қолдирдим. Хизмат текшируви ўтказишларини сўрадим, талаб қилдим, лекин натижа йўқ, деганди у.
Аёлнинг билдиришича, воқеа 2025 йилнинг 13 июнь куни Қарши шаҳар ИИБга тегишли биноларда содир бўлган.
Ўзбекистонда Ички ишлар ходимларининг кимнидир сўкканини, урганини, ҳатто тепгани-ю, ўлдириб қўйганини эшитганмиз. Яхши биламиз. Аммо ИИБ ходимларининг ҳомиладор аёлга қўл кўтаргани ёки унинг кетига тепгани билан боғлиқ ҳолатга дуч келмаганмиз.
“Дарё” воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Изоҳ (0)