Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида жойлашган Қўштепа тарихий тепалиги аҳоли уйларига яқин жойлашган ва унинг баъзи қисмлари аҳоли томонидан ғишт қилиб сотилмоқда. Бу ҳақда «Севимли» телеканалининг «Замон» ахборот дастурида хабар берилди.
Қайд этилишича, Андижон давлат музейида 2018 йилнинг 6 ноябрида ўз ишини бошлаган Қўштепа археологик кўргазмасида 600 га яқин экспонат мавжуд. Экспонатларнинг барчаси Қорасув шаҳри «Мустақилликнинг 15 йиллиги» маҳалласидаги Қўштепа-2 тарихий тепалигидан топилган.
Археолог Бахтиёр Абдуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан беш йилдан буён мазкур объектда олиб борилган қазиш ишлари натижасида у ердан 10 мингга яқин сопол парчаси, 100 тага яқин тош қурол, ўнлаб бронза ва темир буюмлар топилган. Топилмаларни ўрганиш тепалик 12 асрдан ортиқ давр мобайнида ўзида ҳаёт изларини сақлаб келаётганини кўрсатган.
Объектнинг ер устида сақланиб қолган қисми 42 сотих майдонни эгаллайди. Археологнинг сўзларига кўра, тепаликда 15 метрга яқин маданий қатлам мавжуд.
Тепаликка яқин жойлашган аҳоли эса ўз уйларини қуриш мақсадида тепаликдан тупроқ қазиб олиб, ундан ғишт қуймоқда. Мутахассислар эса бу ҳолат тарихий объектга зарар етказишидан хавотирга тушмоқда. Аҳоли ҳам ўз ўрнида тарихий объектда қазишма ишларининг олиб борилишидан норози бўлмоқда, бу ишлар уларнинг уйлари бузилишига олиб келишидан хавотир олмоқда.
Изоҳ (0)