Ўзбекистон ва Россияда халқаро террорчи ташкилот сафига мигрантларни ёллаб келган 9 нафар шахс қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар қилди.
Ўзбекистон ДХХ ва Россия ФХХ ҳамкорлигида ўтказилган тадбирлар натижасида Россия Федерациясида 7 нафар ва Ўзбекистон ҳудудида 2 нафар халқаро террорчилик ташкилот аъзолари қўлга олинган.
Қайд этилишича, мазкур шахслар Россия Федерацияси ҳудудида бўлган вақтида диний экстремистик оқим таъсирига тушиб, халқаро террорчилик ташкилоти фаолиятида иштирок этган ва ўз сафларини турли давлатлардан келган меҳнат муҳожирларини ёллаш ҳисобидан кенгайтириш билан шуғулланган.

Улар яширин йиғилиш ташкил этиб, Telegram мессенжери орқали видеоконференция йўли билан “умумжаҳон халифалиги” деб аталувчи доктрина асосида тизимли ўқитиш ва террорчилик ташкилотига жалб қилиш ишлари амалга оширилган. Уларнинг бу фаолияти хориждаги ғоявий маслакдошлари томонидан мувофиқлаштириб борилган.
Тўпланган материаллар асосида Россия Тергов қўмитаси томонидан уларга нисбатан террористик ташкилот фаолиятини ташкил этиш ва унда иштирок этиш бўйича жиноят иши қўзғатилди.
ДХХ томонидан Қашқадарё вилоятида ўтказилган фаол тадбирлар натижасида айнан шу жамоатнинг яна 2 нафар аъзоси қўлга тушди. Ушбу шахслар ҳам Россиядаги яширин жамоат аъзолари томонидан Telegram мессенжерида ташкил этилган виртуал гуруҳларга аъзо бўлиб, ХТТнинг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва амалдаги сиёсий тузумни конституцияга зид равишда ўзгартиришни тарғиб қилувчи материалларини тарқатиб келган.
Шу билан бирга, уларнинг хонадонлари кўздан кечирилганда, 4 та уяли алоқа воситаси, 3 дона экстремистлик ғоялари билан йўғрилган адабиётлар, 2 та флеш хотира ва 1 та хорижий давлатга тегишли бўлган сим карта далилий ашёлар сифатида олинди ҳамда экспертизадан ўтказиш учун тегишли ташкилотларга юборилди.
Ҳозирда ҳибсга олинган шахсларга нисбатан тергов ва терговга қадар ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)