Қарийб қирқ йиллик можародан сўнг Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари Никол Пашинян ва Илҳом Алиев Вашингтонда АҚШ президенти Дональд Трамп иштирокида тинчлик деклорациясини имзолади.

Имзолаган декларацияда аллақачон келишилган тинчлик шартномасини имзолаш ва ратификация қилиш жараёнини тезлаштириш зарурлиги таъкидланган.
Озарбайжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирлари Вашингтонда шартномани парафлади, яъни келишилган матнни тасдиқлади.
Декларацияда минтақада алоқаларни тиклаш муҳимлиги ва Озарбайжоннинг асосий ҳудуди билан унинг эксклави Нахичеван ўртасида Арманистон ҳудудидан, унинг Эрон билан чегараси бўйлаб ўтадиган транспорт йўлагини яратиш масаласи ҳам кўтарилган.
“Бугун биз Жанубий Кавказда тинчлик ўрнатмоқдамиз ва янги буюк тарихни ёзмоқдамиз”, деди Озарбайжон президенти.
Арманистон бош вазири эса бу келишув “тинчлик бобини очиши”ни билдирган.
“Биз ўтмишдагидан яхшироқ тарих учун пойдевор қўймоқдамиз”, дея қўшимча қилган у.
“Бу давлатлар жанговар ҳаракатларни бутунлай тўхтатиш, савдо-сотиқ, саёҳат ва дипломатик алоқаларни қайта тиклаш, бир-бирининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш мажбуриятини олмоқда”, деди Трамп икки раҳбар билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида.

“Улар шунча йиллар давомида жуда азоб чекишди, кўпчилик, жумладан Европа Иттифоқи, руслар ечим топишга уринишди, лекин натижа бўлмади. Аммо ушбу келишув туфайли биз ниҳоят тинчликка эришишга муваффақ бўлдик”, деб таъкидлаган Америка президенти.
Уч томонлама учрашув давомида Арманистон ва Озарбайжон “Трампнинг халқаро тинчлик ва фаровонлик йўлаги” деб номланадиган йирик транзит йўлагини барпо этишга келишиб олишган.
У Арманистон ҳудуди орқали Озарбайжонни унинг Бокуга иттифоқчи бўлган Нахичеван минтақаси билан боғлайди.
Оқ уй матбуот котиби Анна Келлининг таъкидлашича, янги транзит йўлаги “Арманистон ва унинг халқи суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилган ҳолда тўсиқсиз алоқани таъминлайди”.
Озарбайжон ва Нахичеванни Арманистон ҳудудининг 32 километрлик қисми ажратиб туради.
Боку учун йўлак Нахичеван билан тўғридан-тўғри қуруқлик алоқасини таъминлайди, Туркия билан муносабатларни мустаҳкамлайди ва инфратузилма дипломатияси орқали урушдан кейинги ютуқларни мустаҳкамлайди.
Изоҳ (0)