Россия мудофаа вазирлиги эълон қилган харитадан Сурия чегарачилари Туркия билан чегарадош ҳудудларга жами 15 та пост жойлаштирилиши маълум бўлди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: Al Jazeera

Харитага кўра, Дамашқ ҳукумати Сурия ҳамда Туркия ўртасидаги чегарага 15 та пост жойлаштиради.

Фото: «Интерфакс»

22 октябрь, сешанба куни Россия президенти Владимир Путин ҳамда Туркия давлат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон Сочида Суриядаги вазиятни муҳокама қилган ва олти ярим соат давом этган музокаралардан кейин қочоқлар учун «хавфсиз зона» ташкил қилишда қўшма патрул тадбирларини амалга ошириш юзасидан 10 та вазифалар бандидан иборат меморандумни имзолаган.

Ҳужжат бўйича 12 кун давомида Сурия—Туркия чегарасида «Тинчлик булоғи» операция амалга оширилаётган ҳудуд яқинидаги ерларда Россия ҳарбий полицияси ҳамда Сурия чегара хизмати томонидан патрул тадбирлари ўтказилади.

Қўшма патрул ҳаракатлари курд гуруҳлари ва уларнинг қурол-аслаҳаларининг 150 соат ичида Сурия—Туркия чегарасидан 30 километр узоқликка кўчирилишини назорат қилади. «Тинчлик булоғи» операциясидаги 12 кунлик танаффус якунига етгач, Қамишли шаҳридан ташқари шимоли-шарқий чегарадаги барча ҳудудларда рус-турк қўшма патрул ҳаракатлари амалга оширилади.