Элдор Шомуродовнинг ушбу мавсум Россия чемпионатидаги статистикаси ўзгача. 12 та ўйин, 10 та гол ва 2 та голли узатма. Ўзбекистонлик ҳужумчи «Ростов» сафида атиги 3 та ўйиндагина гол ура олмади, холос. Шомуродов баъзи вазиятларда, ҳатто тўпни бош билан бўйсундириш керак бўлган ҳолатларда ҳам гол киритмоқда. Бундай ҳолатни яқиндагина «Динамо» ҳимоячилари ўз бошидан ўтказиб кўрди. Кейин эса унинг навбатдаги голи ЦСКАни мағлуб этишга ёрдам берди. Навбатда бўлса, «Зенит» турибди. 19 октябрь, шанба куни «Ростов» Санкт-Петербургда меҳмон бўлади.
Ҳозирча Элдор Европанинг бирор клубига ўтиб кетмаганлигидан фойдаланиб, унинг Россия Премьер Лигасидаги фаолиятига назар солсак зарар қилмайди. У «Ростов»да фаолияти аввалида деярли гол урмади. Кучук («Ростов» собиқ бош мураббийи) Шомуродовнин қандай ишлатишни билмади. Карпин эса уни ўнг қанот ҳимоясига қўйди. Қайсидир вазиятда клубдагилар уни ижарага бериб юбориш ҳақида ҳам ўйлади, бироқ Шомуродов «Ростов»да қолди ва топ даражали ҳужумчига айланди.
Глеб Черявский эса Шомуродовнинг қандай топилгани, у қандай қилиб Карпинни ҳайрон қолдира олганлиги ва бошқа кўп нарсалар ҳақида ҳикоя қилишга жазм этди.
Шомуродов Афғонистон билан чегарадош ҳудудда улғайди ва мавсумдан олдин қурбонлик қиладиган ўша ҳудуд жамоасида тўп сурди
Элдор Термиз шаҳрида ўсиб улғайди. Бу Ўзбекистоннинг энг жанубий қисми бўлиб, дарёдан сўнг Афғонистон сарҳадлари бошланди. Ундан бу ҳақда сўрасам ажбаланади:«Афғонистонда умуман бўлмаганман ва бу давлат билан ҳеч ҳам қизиқмаганман. У ерда нима ҳам қизиқ бўлиши мумкин ахир менга? Мен умуман бошқа давлатлар ҳақида орзу қилганман. Болалигим аниқ айтаман: оғир ўтмаган. Ота-онам ҳозир ишламайди. Аввал отам футбол ўйнаган, онам эса озиқ-овқат дўконимиз билан шуғулланган», — дейди Элдор.Шомуродовнинг болалиги хотиржам ва ортиқча саргузаштларсиз ўтган: кўчада футбол ўйнаган, аммо мураббий назоратида. Унинг жамоаси қўшни шаҳарлардаги мусобақаларга бориб турган ва доим ғалаба қозонган. 12 ёшида эса ўша вақтда Ўзбекистондаги энг яхши футбол академиясига эга бўлган «Машъал» скаутлари унинг иқтидорини пайқаб қолади.
Вақтида Шомуродовни афсонавий Ривалдо иштирокидаги «Бунёдкор» ўйинига (агар ёдингиздан чиқмаган бўлса бразилиялик юлдуз фаолияти сўнгида Ўзбекистонда тўп сурган) олиб тушишга ваъда беришади. Орадан бир неча йил ўтиб эса Шомуродовнинг ўзи ҳам «Бунёдкор»да пайдо бўлди: уни ўсмирлар терма жамоасидаги ўйини орқали пайқаб қолишади ва мамлакатнинг ўша вақтдаги асосий клубига таклиф қилишади. Ўзбекистонлик таниқли футболчилардан бири Анзур Исмоилов вақтида Ўзбекистонда мавсум олдидан жамоалар қурбонлик қилиши ҳақида айтганди.
«Ҳа, мавсум олдидан қўй сўйилади. Қайсидир жамоалар буни стадионда, баъзилари эса ундан ташқарида шундай қилади. Менинг жамоамда эса униси ҳам буниси ҳам кузатилган. Мухлислар йўқ, ҳамма дарвоза ортига ўтиб туради. Мулла эса Қуръони Каримдан дуо ўқийди ва қўйни махсус белгиланган киши сўяди. Бу жараён жуда тез бажарилади, гўшт эса муҳтожларга тарқатилади», — дея Анзурнинг сўзларини тасдиқлаганди Элдор.Элдор «Бунёдкор»да қанот ҳужумчиси ролида ҳаракат қилиб, 60 та ўйин ўтказган. У бу баҳсларда 18 та гол уришга эришган. Натижалари эса шундай: Ўзбекистон чемпионати кумуш медали ҳамда мамлакат кубоги финали. Элдор умуман олган ўз ватанида ёмон ўйин кўрсатмади.
«Ўзбекистонда дўстларимиз бор, айнан улар Элдорни синаб кўришни тавсия этганди. Ўша вақтда Осиё минтақасида Элдор жуда ҳам таниқли футболчи эмасди. Аммо у Россияга нисбатан айнан ўша ерда таниқлироқ эди. У 20 ёшида Осиё конфедерациясида лидерлардан бири бўлган Ўзбекистон терма жамоасининг асосий ҳужумчисига айланди. Агар Сурия мағлуб этилганда, жамоа ўтиш босқичига чиқиб, Россия майдонларидаги мундиал иштирокчисига ҳам айланиши мумкин эди.
Элдор учун Осиёда жамоа топиш ҳеч қачон муаммо бўлмаган: «Ростов»гача у мўмайгина пул эвазига Қатар, БАА ёки Саудия Арабистонига йўл олиши мумкин эди. Хитойда эса бироз бошқача. У ерда юлдузли фамилияларга эътибор қаратилади. Бироқ Элдорнинг қаттиқ хоҳиши бор эди: Европага кетиш. Бундан ташқари Россияга келиш истаги ҳам бўлган. Биз эса буни асосий сифатида қабул қилиб, биргаликда ҳаммасини босим ва рақобат камроқ бўлганкичикроқ жамоа билан бошлашга қарор қилдик. Элдор бунга умуман қарши бўлмади.
Биз уни кўриш учун уч марта учиб бордик: ва шартнома имзолаш ёки йўқлиги борасида умуман шубҳа-гумон бўлмади. Борган вақтимизда бизни қойил қолдирган ҳолатни эслайман. У қойилмақом гол урганди: ҳамма кучли зарба беришини кутиб турган вақтда Элдор оҳисталик билан тўпни дарвозанинг тўққизлигига ташлаб қўйганди. Ўшанда унинг қандай футболчи эканлигини тушунгандик. Шундан сўнг эзмалик қилиб ўтирмасдан қоғозлар билан учишга қарор қилдик. Шундан сўнг яна бир қизиқ вазият содир бўлди. Ўзбекистон терма жамоаси «Боруссия Д»нинг иккинчи жамоаси билан назорат учрашувини ўтказди. Биз ўшанда кўпроқ Фёдор Смолов трансфери ҳақида гаплашиш билан банд эдик. Скаутлардан бири биз билан учрашувда шундай деди: «Ўзбекларнинг чап қанотида кучли, тезкор ва бўйдор ҳужумчи, Ярмоленко услубидаги форвард, сизники эмасми?». Тушуняпсизми, биз Элдор билан атиги бир ой олдин шартнома имзолаган эдик. Ўша лаҳзада биз бингога дуч келганимиз ҳақида ҳам ўйладик.
«Ростов» билан бир қаторда Элдорни «Уфа», «Краснодар» ва РПЛнинг бир қатор клубларига таклиф қилганди. Шунингдек, ЦСКА ҳам қизиқиш билдирганди.
«Скаутлар ўйинчиларни кузатаётган вақт бир қанча омилларга эътибор қаратади. Шунинг учун уни ниманидир ўтказиб юборишда айблаш ноўрин. Бироз муддат аввал ЦСКАнинг селексия бўлими раҳбари Максим Дюков қўнғироқ қилди. У жуда ҳам замонавий йигит. У хатоларини тан ола биладиган кишилар тоифасидан. Вақтида биз Элдорни таклиф қилгандик, улар эса рад жавобини берганди. Дюков шундай деди: «Қаҳҳор, сиз бизни ҳайрон қолдирдингиз. Бизнинг клубда Шомуродовга нисбатан умуман бошқача баҳо берилганди. У эса энди ҳаммани ҳайрон қолдирди». Тўғриси, биз Элдорни деярли барча клубларга таклиф этгандик. Фақатгинда «Ростов» буни қабул қилди. Шунинг учун уларга алоҳида ташаккур изҳор қиламиз», — дея ёдга олади Элдорнинг агенти Қаҳҳор Мўминов.
Шомуродовда аввалига «Ростов»да ҳеч нарса ўхшамади. Кучук уни жарима майдончаси ичига қўйди, Карпин эса Элдорни озодликка чиқарди
Россия чемпионатига келгунга қадар Элдор 4-3-3 схемасида қанот ҳужумчиси вазифасини бажарган. Кучукда эса бундай схема йўқ эди. У асосан 5-2-2-1 схемасидан фойдаланарди. Элдор эса бундай ҳолатда жарима майдончаси ичидан ўрин олишга мажбур эди.«Аввалига Шомуродовни нима учун сотиб олинганини кўпчилик тушунмади. Фақат битта нарса кўпчиликни тинчлантириб турарди. У 21-22 ёшида мамлакат бош жамоаси сафида 20 та ўйин ўтказиб улгурган эди. Кучук қўйган позициясда эса Шомуродовда ҳеч нарса ўхшамади. Буларнинг ҳаммаси хато бўлиб, Элдорга эса кенгроқ ҳудуд керак эди. Шундан сўнг уни тўп узатиши учун плеймейкер ролида ҳам синаб кўришди. Бундан ҳам ҳеч нарса чиқмади. Карпин даврида эса уни «Арсенал»га (Тула) ижарага бериб юборишларига ҳам бир баҳя қолди. Шомуродов ҳам бунга тайёр эди деб ўйлайман. Аммо у жамоада қолди, Карпин эса уни ҳатто қанот ҳимоясида ҳам синаб кўрди. Шунда ҳаммаси тугади, Элдор Осиёга қайтиб кетса керак деб ўйлагандим », — дея хотирлайди «Ростов» собиқ медиа ишчиси Никита Кириленко.Элдор қанот ҳимоячиси сифатида кубок ўйинида «Сизран»га қарши майдонга тушди. «Ростов» ўша ўйинда 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Шомуродов эса гол урди.
«Жуда оғир ва ноқулай бўлди. Аммо барибир футболдан лаззат олишга эришдим. Агар қанот ҳимоясида ўйнар экансан, кўпроқ югуришга тўғри келади. «Сизран»га қарши баҳсда эса ҳимояга қайтмаса ҳам бўларди. Шунинг учун мени қанот ҳимоясига қўйишди», — деганди учрашувдан сўнг Элдор.Ҳимоядаги синов узоққа чўзилмади: уни «Динамо»га қарши ўйинда бу чизиқда ўйнатиб кўришди, кейин эса ҳужумга қайтаришди. У ерда эса Шомуродов вазиятлардан фойдаланишда муаммога дуч келди.
«У бир метр масофадан ҳам дарвозани нишонга ола билмасди, — дейди Криленко. — Ўйинда, машғулотларда — исталган жойда. Яъни Элдор тўғри очилар ва зарба позициясига чиқиб борарди, бироқ зарбага келганда тўп юқоридан ўтиб кетарди. Унга ҳамма шундай дерди: «Шома, урақол энди». Кейинроқ шундай вазият бўлдики, у кетма-кет уч марта дарвоза устуни ва тўсинини нишонга олди, бу эса Элдорга кучли таъсир қилди, машғулотларда бир метр юқорига тепиб юборишда давом этди. Карпин уни уйғота олди деб ўйлайман. Шомуродов Осиё Кубогидан қайтиб келди, у ерда кўп гол урди. Валера эса ўз услубида пичинг қилди: «Шома, нима сен фақат Покистон, Фаластин ва қирғизларга гол ура оласанми? Сенинг Осиё Кубогинг — савия эмас, сен эса фақат ўша ерда ўйнай оласан, холос». Кейин ҳазил аралаш мунтазам уни қийшиқ таёқ деб атарди. Ўйлашимча, Карпин бу ниқташлар билан уни илҳомлантирди ва қайта уйғотди. Кучук даврида ундай бўлмади, чунки у Петросянча ҳазил қиларди, Валераники эса оддийроқ».
Карпин Шомуродовга ҳазил қилишдан тўхтамайди. Интервью пайтида узоқдан овоз келди: «Нима, машҳур бўлиб қолдингми, ****, ҳаммага интервью беряпсанми?». Шериклари ҳам мураббийдан қолишмайди.«Бир марта бизни «Ростов-Арена»га саёҳатга олиб боришди, у ерда ўзбек қурувчилари ҳам бор эди. Бу 2018 йилнинг март ойлари эди, стадион деярли битиб қолганди. Биз автобусдан тушдик, ўзбек қурувчилари эса Шомурдовга ташланиб қолишди: «Элдор, Элдор». Барча ўйинчилар ҳазил қилиб кетди, Элдорга қурувчилар билан қолиши ва шу ерда ишлаши мумкинлигини айтишди. Кимлигини эслай олмайман, Паршивлюк, Скопинсев ёки Песковдан бири эди», — дейди Кириленко.Ваниҳоят Шомуродов 2019 йилнинг баҳорида ўзини кўрсатишни бошлади: «Спартак»ка ғалаба голини урди, кейин эса «Краснодар»га қарши ўйинда жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди. Айнан ўша ўйинда унинг боши ёрилган ва ҳал қилувчи голни сузиш учун мўлжалланган қалпоқда урганди. «Ростов» реабилитологи ўшанда бу қалпоқ зарбага ўзгача импулс бергани ва у шунинг учун яхши чиққанини айтганди.
«У қадар қаттиқ ёрилмаган эди, оз миқдорда қонаганди, бироқ биринчи марта боғланган бош билан ўйгандим. Аввалига бошим ёрилагини сезмадим, бу қон Мартиновичники деб ўйладим. Бошимда оқаётганини ҳис қилганимдан кейин, бу қон менга тегишли эканини билдим. Нимадир суртишди, қалпоқ кийдиришди. Бу сузиш учун мўлжалланган қалпоқ эканини ҳам билмаган эдим, унда ўйнаш у қадар қулай эмас эди», — дейди Элдор.Бу қалпоқдан бутун бошли шоу ташкил қилиб юборишди, «Ростов» эса Элдорнинг омадли қалпоғи борасида ҳазиллар қилди.
Шомуродов болалигидан «Челси»га мухлислик қилади ва у ерда ўйнашни орзу қилади. У Жозе Моуриньо билан ҳам юзлашган
Мавсум олдидан Карпин Шомуродовни асосий ҳужумчи сифатида кўраётганини маълум қилди. Кейин чемпионат бошланди ва қаторма-қатор голлар бўлди. Шуларга қарамасдан Transfermarkt портали Шомуродовнинг нархини камтарона кўрсатмоқда — 2,5 миллион евро (у ерда «Ростов» Элдорни 750 мингга сотиб олингани қайд этилган).
«Transfermarkt’ни танқид қилиш одатий ҳол, гарчи у ерда жиддий ишларни амалга оширсалар ҳам, — дейди Мўминов. — Бироқ келинг ростини айтамиз: бу объектив ўлчов эмас, аммо футболда ундан бошқа ўлчов йўқ. Бундан ташқари, у ерда Элдор «Ростов»га 750 минг евро эвазига ўтгани ёзилган. Бироқ «Ростов» уни бу миқдордан анча камига сотиб олган. Ҳозирда у энг яхши тўпурар, яқинда шартномани узайтирди, шу сабаб нарх бошқача. Аслини олганда футболчининг нархи, унга қанча таклиф қилишганига қараб белгиланади. «Штутгарт» унинг трансфери учун 10 миллион евро таклиф қилди. ЦСКА ҳам шу миқдордаги пулни беришга тайёр эди. Бу ерда қарор қабул қилишни «Ростов»га қолдирдик. Бу мавзуга қишда яна қайтишга қарор қилдик, бизда шунга ўхшаш таклифлар яна бор. Бироқ «Ростов» январдаги трансферга рози бўлиши қийин масала, бу ерда уларнинг позицияси маълум. Ўзбекистонда бўлдим, Элдор ва унинг оиласи билан гаплашдим. Агар ёзда топ-лигалардан биридан таклиф бўладиган бўлса, уни, албатта, кўриб чиқамиз. Бу борада «Ростов» билан келишувимиз ҳам бор».
Шомуродов ҳақида ҳатто Жозе Моуриньо ҳам билади, уларда биргаликдаги сурат бор. Уларни ўзаро Элдорнинг агентлиги раҳбари Герман Ткаченко таништирган.
«Мени Герман Ткаченко билан учрашувим бор эди. У яна бир меҳмон борлигини ва уни кўриб ҳайратда қолишимни айтди. Ва биз турган жойга Моуриньо кириб келди. У ўшан вақтда Осиё Кубогини шарҳлаётган эди, Герман унга мен Ўзбекистон терма жамоаси ўйинчиси эканимни айтди. У билан суратга тушдик ва бироз суҳбат қурдик. Айтганча, у Осиё Кубогида нечта гол урганимни билар экан, буни эшитиш мен учун ёқимли бўлди», — дейди Элдор.Шомурдов учун Моуриньо фақатгина топ-мураббий эмас. У португалиялик мутахассис давридан буён «Челси»га ишқибозлик қилади ва бир кун келиб у ерда ўйнашни орзу қилади.
«Ёшлигимда менда «Челси»нинг кўк либоси бўлар эди. Ўша вақтларда жамоага Абрамович келганди. Менга Дрогба, Торрес ёқар эди, бироқ «Челси»гача ҳам уларнинг ўйинидан завқ олардим. Энг севимли воқеа — албатта, Чемпионлар Лигаси финали бўлганди. Ўшанда Роббен пенальтини ура олмаган, Дрогба эса боши билан дарвозани ишғол қилганди. Мен аввал терма жамоа сафида тўп суришни орзу қилар эдим ва бу мақсадимга эришдим. Энди эса кучли бешлик чемпионатларидан бирида ҳаракат қилишни истайман. «Челси» ҳақида орзу қилишим тушунарли, аммо менга Германия чемпионати ҳам ёқади», — дейди Шомуродов.Ҳозирда Шомуродов инглиз тилини ўрганмоқда. Тўғри ҳозирда уни Европа клублари у қадар яхши танигани йўқ.
«Шомуродов терма жамоа ўйинига Москва орқали учиши керак эди. Элдорнинг бели оғрийди, терма жамоадагилар эса унга эконом классдаги чипта олиб беришибди.У бизнес классда учишни хоҳлади. Бунинг учун қанча тўлаши кераклигини сўради. Ходим унга 28 минг рубл деб жавоб берди ва ортидан: «Нима, сизда пул борми?», дея қўшимча қилди.
Ҳа, Москва шундай бешафқат. Ростовда бошқача: у ерда селфи ёки автографсиз беш дақиқа ҳам юриб бўлмайди», — дейди Мўминов.
Шомуродов жуда ҳам камтар ва оддий йигит: у Ростовдаги бозорда оддий ўзбеклар билан бирга палов ейди
Элдор — Россия чемпионатидаги энг камтар йигит бўлиши мумкин. Биринчидан, у «Ростов»да энг кам маош олган йигитлардан бўлиб, у ўша маошини ҳам умуман бир ўзи сарфламаган. Аксинча, у ҳамма пулларини отасига юборади. Унинг отаси эса айни дамда Элдорнинг молиявий масалалари билан шуғулланади. Бундан ташқари унинг камтар ва оддийлигини исботловчи бир жиҳат бор: У Ростовдаги бозорлардан бирида оддий ўзбек дўстлари билан палов ейишга боради..
«Бу ернинг ресторан эмаслиги мени умуман ташвишга солмайди. Боиси Ўзбекистонда бу каби жойлар жуда кўп. У ерда ҳамма ҳам менинг футболчи эканлигимни билмайди. Бу Ростовнинг бир қисми. У ерда паловни жуда яхши тайёрлашади. Килограмми 2 минг рубл туради», — дея ҳикоя қилади Элдорнинг ўзи.«У бу ерга келганда Ростовдаги ўзбеклар билан танишган. Улар эса Элдорга «Алмаз» бозорини тавсия этишган. Ўша бозорда асосан эҳтиёт қисмлар ва айрим текстиль маҳсулотлари сотилади. Элдор мени ҳам ўша ерга палов ейишга таклиф қилди. Агар у бўлмаганида балки, мен умуман ўша бозорга бормаган бўлардим. Жойи ҳам бир нави эди. Аммо атмосфера ўзгача: столлар бор, оёқларинг билан ўтираверасан. Ҳаммаси ўзбекча: ҳатто ҳожатхоналар ҳам. Болалар эса полда ўтириб, ўйинчоқ машинларни ўйнайди. Тўғри, ўзбеклар биздан катта фарқ қилади. Агар уларнинг ватандоши ўзга юртда ўзини кўрсата, ҳамма ундан ғурурланади. Уларда эса Элдор бор. Улар Элдорни кутиб олиб, палов олиб келишди, нонлардан қўйишди. Бундай паловни ҳеч қайси ресторанда тайёрлай олишмайди», — дейди Кириленко.
Ресторанлар ҳақида гап кетар экан, Элдор умуман алкоголли ичимликларни ичмаслигини таъкидлаш жоиз. «У ҳеч қачон алкоголли ичимлик истеъмол қилмаган. Мен унга алкоголсиз пиво таклиф қилгандим, аммо Элдор уни ҳам истеъмол қилишни рад этган. Иссиқ эди, биз кафеда ўтиргандик. Бундан ташқари вақтида ухлашга ётиш, эрта туриш, машғулотга биринчи бўлиб бориш, сўнгги бўлиб кетиш — булар осон иш эмас. Кўплаб футболчиларга Элдорни намуна қилиб кўрсатаман. Тўғри, булар кичик нарсалар, аммо шундай жиҳатлар ҳам катта натижаларга олиб келади», — дейди Қаҳҳор Мўминов.
Энди эса ҳикоямизнинг кулиминацион нуқтасига келамиз. Шомуродов барча ҳужжатлари солинган ҳамёнини таксида унутиб қолдиради. Кейин эса уни шоурма қиладиган ўзбек дўконидан топади.
«Отамнинг ўзбек дўстлари бор. У бир куни менга ёзяпти: «Шомуродовдан сўрачи, ҳужжатларини йўқотиб қўймадимикан?». Ўйин тугаши билан Элдордан сўрадим. У эса «Ҳа, ака ҳамма ҳужжатларим ва пластик карточкамни йўқотиб қўйдим», — дея ёдга олади Кириленко.
У такси ҳайдовчисига қўнғироқ қилгани, бироқ у ҳеч нарсадан бехабардек кетиб қолганини айтди. Шундан сўнг Элдорга отамнинг танишлари борлиги ва улардан бири ҳужжатларини топган бўлиши мумкинлигини айтдим. Элдор билан ҳужжатларни эртасига бирга олиш кетишга боришга келишиб олдик.
Вазият эса қуйидагича бўлган: Ҳайдовчи Элдор ҳамёнини машинада унутиб қолдирганини кўрган. Ҳар қандай ақлли инсон дарҳол ҳамённи қайтарган бўларди. Аммо... Ҳамёнда ҳайдовчининг икки ойлик маошига тенг пул бор эди, ахир. У пулни олиб қолган нарсаларни Ростовнинг бир четига ташлаб кетади. Уни эса ўша ердаги ўзбеклар топиб олади. Улар Шомуродовнинг ҳужжатлари эканлигини билади. Ҳужжат қўлма-қўл бўлиб, охир-оқибат шоурма қиладиган дўкон эгасига келади. Унинг хўжайини эса менинг отам билан таниш эди. Шу тариқа ушбу ҳикоя менга қадар етиб келди. Биз эса эртасига биргаликда ҳужжатларни олишга бордик. Элдор миннатдорчилик сифатида пул беришни хоҳлаганди, бироқ улар буни рад этишди.
Элдор, сен ҳақиқатда ҳам суперсан!
Рус тилидан Асрор Абдуназаров ва Нодирхон Хамидхонов таржимаси!
Изоҳ (0)