17 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 23:30 да «Москва—Пхукет» (Таиланд) йўналиши бўйича парвоз қилган самолёт Тошкентда фавқулодда қўнишни амалга оширди. Бу ҳақда «Новости Ташкентского Неба» Telegram-канали хабар берди.
Маълумотларга кўра, «Москва—Пхукет» йўналиши бўйлаб парвоз қилган Nordwind Airlines авиакомпаниясига тегишли Boeing 777-21Б самолёти йўловчилардан бирининг хатти-ҳаракатлари сабаб Тошкентга қўнишга мажбур бўлган.
Таъкидланишича, бортда жанжал кўтарган эркак маст ҳолатда бўлган. Йўловчи ҳуқуқ-тартибот органларига топширилган ва зарурий жараёнлар якунлангач, борт Пхукет йўналиши бўйича Тошкент вақти билан 02:00 да учиб кетган.
Эсатиб ўтамиз, 15 октябрь куни Фарғонадан Москвага парвоз пайти йўловчилардан бири ўзини ёмон ҳис қилгани учун самолёт Самарада фавқулодда қўнган эди. 17 октябрь куни эса Тошкентдан Санкт-Петербургга учган самолёт йўловчилардан бирининг саломатлиги ёмонлашгани сабабли Қозон шаҳридаги аэропортга шошилинч қўнишга мажбур бўлганди.
Изоҳ (0)