Бугун, 18 октябрь куни Сербия пойтахти Белград шаҳрида бўлиб ўтаётган Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясининг 141-сессиясида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов Парламентлараро Иттифоқнинг Евросиё гуруҳидан Парламентлараро Иттифоқнинг Ижроия қўмитаси аъзолигига сайланди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидлаш керакки, Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясининг 141-сессиясида 2020—2022 йилларга Парламентлараро Иттифоқнинг Евросиё гуруҳидан Парламентлараро Иттифоқнинг Ижроия Қўмитаси аъзолигига Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар нодавлат ташкилотлар ва фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси, академик Акмал Саидовнинг номзоди илгари сурилган эди.
1889 йилда тузилган Парламентлараро Иттифоқ турли давлатларнинг миллий парламент гуруҳларини бирлаштирувчи халқаро (ҳукуматлар қарамоғида бўлмаган) ташкилотлардан бири ҳисобланади. Парламентлар ўртасидаги алоқаларни рағбатлантириш ва халқаро тинчлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ишида биргаликда фаолият кўрсатиш учун уларни бирлаштириш мазкур ташкилотнинг асосий вазифаларидан бири. Айни вақтда Парламентлараро Иттифоққа 178 давлат парламентлари аъзо ҳисобланади. 2017 йил 13 октябрдан Ўзбекистон ҳам мазкур ташкилотдаги аъзолигини қайта тиклаган эди.
Парламентлараро Иттифоқ БМТ билан яқин хамкорлик қилади ва унинг мақсадлари ҳамда вазифаларини қўллаб-қувватлаб келади. Парламентлараро Иттифоққа БМТнинг Бош Ассамблеяси қошидаги кузатувчи-ташкилот мақоми берилган.
Изоҳ (0)