Каратэ бўйича Тошкентда ўтаётган Ўзбекистон кубоги мусобақасида оммавий муштлашув кузатилди, деб ёзади «Xabar.uz».

Тақдим этилган видеолавҳада спортчилар, ҳакамлар ва мураббийлар ўртасидаги даҳанаки жанглар «қўл жанги»га айланиб кетганини кўриш мумкин.

Нашр ҳолатга изоҳ сўраб, Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси вакили Ҳ.Маҳбубов билан боғланган.

Вакил муштлашув бўлганини инкор этмади, шу баробарида ҳолат бўрттирилгани, «пашшадан фил ясамаслик»ни таъкидлаб, бир қанча шахсларга нисбатан хизмат суриштируви бошлангани, бу борада қўшимча маълумот берилажагини айтган.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда спортнинг каратэ тури жар ёқасига келиб қолган. Ўтган бир йил давомида Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи 14 та халқаро мусобақа ўтказилган. Ўзбекистонлик спортчилар ўтган халқаро мусобақаларнинг иккитасида умуман иштирок этмаган, 11 тасида эса бирорта ўрин насиб этмаган.

Фақат ўтган йили Японияда бўлиб ўтган (Токио—2018) мусобақада битта спортчи учинчи ўринни эгаллаган бўлса, Тошкент мезбонлик қилган Осиё чемпионатида учта биринчи, битта иккинчи ва учта учинчи ўринлар забт этилган.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!