«Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси ўринбосари Фарҳод Нурмуҳаммедов Ўзбекистонда Ўрта Осиё ҳудудида тери ва теридан маҳсулот тайёрланадиган марказ бўлиши учун барча имкониятлар мавжудлигини айтди, деб ёзади ЎзА.

Фото: ЎзА

Сабаби, атрофимиздаги қўшни давлатларда тери-чарм соҳасига эътибор биздаги каби кучли эмас. Шунингдек, уларда технологиялар ҳам етарли эмас. Яна бир гап, хом ашё базаси ҳам биздаги каби кўп эмас. Бизда эса бу борада имкониятлар ва имтиёзлар етарли. Келинг, қуруқ гапдан кўра, аниқ ҳисоб-китоблар билан гаплашамиз. Мисол учун, Ўзбекистонда 12 миллионга яқин чорва бор. Бу кўрсаткич Қозоғистонда 10,6 миллион, Қирғизистонда 3,8 миллион, Туркманистонда 8 миллионтани ташкил этади. Шундан ҳам кўриниб турибдики, келгусида марказ ташкил этсак, бошқалардан хом ашё харид қилиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин.

Кўп ҳолатларда маҳсулотларимизни Туркия билан солиштиришади. Лекин уларда ислоҳотлар 1984—2014 йилларда амалга оширилганини ҳисобга олсак, ҳеч бир ютуққа тезлик билан эришиб бўлмаслигига гувоҳ бўламиз. Уларнинг тажрибасини амалиётга жорий этиш ва вақтдан ютиш учун иккита туркиялик мутахассисни ишга таклиф қилдик. Улар кўмагида бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш мўлжалланган.

Фарҳод Нурмуҳаммедов, «Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси ўринбосари 

Тери хом ашёсини қайта ишлашни таъминлаш, юқори қўшимча қийматга эга тайёр чарм-поябзал маҳсулотларини ишлаб чиқариш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш ҳажмини ошириш ва тармоққа тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга қаратилган мақсадли дастурларни амалга ошириш жараёнида Ўзбекистоннинг чарм-поябзал ва мўйна тармоғида 235 та инвестицион лойиҳа амалга оширилади. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 431,9 миллион доллар бўлиб, шундан 198,6 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир.

Қайд этиш жоизки, айни вақтда тизимда бир минг бир юздан ортиқ ташкилот мавжуд бўлиб, уларнинг 500 таси уюшмага аъзо бўлган. 2017 йилда тизим корхоналарида 12 миллион жуфт маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, 2018 йилда 51,1 миллион жуфтга етди. 2019 йилда эса янада улкан марра забт этилиши кутилмоқда. Ҳозирда 20 давлатга экспорт амалга оширилмоқда.