Фарғона вилояти Данғара туманида хонадонлардан бирига тушган ўғрилар хонадон эгаси томонидан тутиб олинди ҳамда ўзбошимчалик билан «самосуд» қилинди. Бу ҳақда «Севимли» телеканалининг «Замон» информацион-таҳлилий дастурида маълум қилинди.
Ушбу ҳолат акс этган видеолавҳа ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида тўпланган маълумотларга кўра, 1 октябрь куни соат 6:30 ларда Данғара тумани «Олтиқуш» маҳалласи Сўлим кўчасида жойлашган хонадонлардан бирига икки киши олдиндан жиноий тил бириктириб, ўғриликка тушган. Улар юзларига ниқоб тақиб олган ва темир сейфни бузишга мўлжалланган қўлбола усулда ясалган мослама билан қуролланган. Жиноятчилар хонадон эгасининг ётоқхонасидаги сейфни бузиб, ичидаги 12 миллион 500 минг сўм миқдоридаги пулларни яширин равишда қўлга киритган.
Ўғрилар хонадон атрофини ўраган девордан ошаётганларида уй эгасининг рафиқаси уларни кўриб қолади ва қўшниларни ёрдамга чақиради. Қўшнилар «Олтиқуш» маҳалласи ҳудудидаги «Султонбой» боғдорчилик хўжалиги ҳудудида уй эгаси, қариндошлари, қўшнилари томонидан тутиб олинган ва ўша ерда калтакланиб, телефонга видеога туширилган. Видео Telegram мессенжери орқали тарқатилган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида гумонланувчилар томонидан ўғирланган 12 миллион 500 минг сўм пул, ниқоб ва сейфни очишга мўлжалланган темир мослама ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳолат юзасидан Данғара туман ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилган ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)