«Ўзстандарт» агентлиги томонидан таклиф қилинган мамлакатга электротехника маҳсулотларини олиб киришни чеклаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳаси бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Spot хабар берди.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзстандарт» агентлиги, Божхона қўмитаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси ва бошқа тузилма вакиллари иштирокида анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда Республика синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси директори Оқилбек Мустафоев қарор лойиҳаси бўйича ўз муносабатини билдирди.
«Ўзбекистонда истеъмолчи кафолатланган техник хизматдан фойдалана оладиган жой бўлиши керак. Сотиб олган маҳсулоти бузилса, уни қаерга олиб боради? Хитойгами? Россия ёки Германиягами? Мамлакат бозоридаги жаҳон брендларининг кўпчилигида аллақачон сервис марказлари ва расмий дилерлар мавжуд. Ўйлаймизки, ўзгаришлар нархларга таъсир қилмайди», — деди Оқилбек Мустафоев.Агентлик 1985 йилда БМТнинг Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир резолюцияга асосланиб, ушбу таклифни киритгани таъкидланди.
Шунингдек, «Ўзстандарт» Apple’нинг Ўзбекистонда расмий хизмат кўрсатиш марказини очмаслиги ҳақидаги баёнотига изоҳ берди.
«Биз вазиятни ўргандик. Вазият тақозо қилганда Apple бошқа мамлакатларда ўз хизмат кўрсатиш марказларини очган», — деб таъкидлаган Оқилбек Мустафоев.
Агентлик томонидан қайд этилишича, хизмат кўрсатиш марказларининг мавжуд бўлиш талаби импортнинг кескин тушишига ва нархнинг ошишига сабаб бўлмайди.
Изоҳ (0)