Қашқадарёнинг Деҳқонобод туманида 11 октябрь куни соат 4:00 атрофида М-39 «Олмаота—Тошкент—Термиз» йўлининг Гумбулоқ қишлоғи ҳудудидан ўтган 1262-километрида «Камаз» юк машинаси ва Lacetti иштирокида йирик йўл-транспорт ҳодисаси юз берган.
Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот хизматидан «Дарё»га маълум қилишларича, Термиз тарафдан келаётган Lacetti ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши томондан келаётган «Камаз» билан тўқнашган; ҳодиса оқибатида Lacetti жиддий зарарланган, «Камаз» ағдарилиб кетган.
Хабар беришларича, ҳодиса оқибатида уч киши воқеа жойида вафот этган, бир киши эса турли даражада тан жароҳати олиб, Деҳқонобод туман марказий шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Деҳқонобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Сурхондарёнинг Шеробод туманида юз берган ЙТҲ оқибатида икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)