Ижтимоий тармоқда ҳоким ва маккажўхори ўғриси воқеаси муҳокама қилинмоқда.
Миришкор тумани ҳокими ва маккажўхори ўғриси воқеаси ижтимоий тармоқларда асосий мавзуга айланиб улгурди. Кимдир ҳокимни қораласа, кимдир маккажўхори ўғрисини қоралайди. Яна кимдир ҳокимнинг ўғрини койишини олқишласа, бошқа биров ҳокимни 10 дона маккажўхори учун паст кетди дейди.
«Дарё»га ўз фикр ва мулоҳазаларини юборган Навоий вилоятининг Пахтачи туманида яшовчи Шарофат Қаландарова ушбу воқеа унга қаттиқ таъсир қилганини ёзиб, Равшан Комиловни маккажўхори учун паст кетишда айблади.— Ҳоким ҳам шунчалик паст кетадими? Етти ё саккиз дона макка учун бобони невара олдида ерпарчин қилиш мумкинми?, – деб ёзади Шарофат Қаландарова. – Бағрикенг ўзбегим шунчалик пастлаб кетдими? Ҳоким тайинланганда унинг маданияти, маънавияти ўрганилмайдими? Наҳотки инсон қадри тўрт дона маккадан ҳам хор бўлса?
Муштарий ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилар экан, Миришкор тумани ҳокими мурожаат қилди.
Миришкор тумани ҳокими Равшан Комилов!!! Одатда Сиз тенгиларга «ўғлим» деб мурожаат этардим. Сизни ундай атагим келмади. Яхшиям Сизга она эмасман, устоз ҳам. Лекин замондошман, ватандошман, миллатдошман! Афсуски шу важдан бўлиб ўтган «маккажўхори воқеаси»га лоқайд қараб кетолмадим. Виждоним чидамади.Самарқандлик блогер Ғайрат Йўлдош эса Миришкор тумани ҳокимининг танбеҳи ўринли эканлигини айтиб, ҳокимни қопиб гапиришда айблади:Кўрдим, халқдан узр сўрабсиз. Набиралари олдида боболик мақомини ерпарчин қилиб, ҳатто ўзини ўлдиришини сўраган ватандошингиздан узр сўрадингизми? Ҳайф ўша ўз аҳлини, миллатдош болалари дилини вайрон этиб, тўртта маккани уларнинг қўлидан тортиб олиб чет элга экспорт қилувчи сиздек «ватанпарвар ҳоким»га!
...авваламбор ҳокимнинг танбеҳи ўринли, ёш авлодни ўғирликка ўргатгунча болаларга бировни нарсасини сўрамасдан олиш мумкин эмаслигини тушунтириш керак. Аммо ҳоким танбеҳни қўпол сўзлар билан сўкиниб бериб нотўғри қилган. Айниқса ёш болалар олдида.Райҳон Юсуфова исмли Facebook фойдаланувчиси «ҳоким қилган иши учун узр сўрабди, лекин маккани олган инсон-чи? Невараларига ўғирликни ўргатгани учун невараларидан узр сўрамайдими? Ёш авлодга бунақа тарбия бериш керакмас-ку», – дея изоҳ қолдирди.Аксарият Facebook фойдаланувчилари бирор-бир қилғиликни қилиб қўйиб, кечирим сўраш ҳокимлар одатига айланганини танқид қилди. Ҳафиза Эштурдиевна исмли ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси ҳокимнинг отаси тенги кишини сансираб гапиришини қоралади:Хўш, ҳоким нима қилиши керак эди? Ҳоким сўкинмасдан ўша одамга келажакда болаларга ҳам сабоқ бўладиган қилиб, хушмуомалалик билан чиройли танбеҳ берса ҳам бўлар эди. Аммо Миришкор ҳокимининг ақли шунга етмабди.
...ёшгина одам экан, отаси тенги одамни сенсираб, набираларининг олдида ҳақорат қилиб, ер билан битта қилиб бечора бобосини, энди кечирингмиш...
«Дарё»га ўз фикр мулоҳазаларини юборган қашқадарёлик Насиба Ибрагимова эса бобо нотўғри қилмиши билан набираларига тарбия бераётганини қоралаб, эртага ўша набиралар бобосидан ўрнак олиб ўғирлик қилишдан тап тортмаслигини ёзди.
Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ўз фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, бугунги кунда ҳокимларнинг ижобий имижини тиклаш қийин масала эканлигини айтди:
Аксарият инсонлар фақат ҳокимни айбдор сифатида кўрсатаётгани шахсан мени ҳайрон қолдиргани йўқ. Чунки юртимизда содир бўлган воқеалар тенденцияси ҳокимлар ва ҳокимият вакилларига нисбатан жуда катта негативни шакллантириб қўйди. Бундан буён ҳокимларнинг ижобий имижини тиклаш осон иш эмас, албатта. Шунинг учун ҳам халқ вакиллари баҳсли вазиятларнинг барчасида бор нафратини айнан ҳокимларга тўкиб солади, воқеанинг бошқа иштирокчилари унутилади.Alimoff Telegram-канали бугунги кунда ҳокимларга оғзи қон бўрига қараётгандек қараш шаклланганини танқид қилди:
Агар ўша чол шу ўғирликни қилмаганида, ўша иш бўлармиди? Ҳоким келиб уни сўкармиди? Нет канешна. Оломонга ҳам ҳайронсан. Ҳоким бўлса бўлди, унга худдики еса-ю емаса оғзи қон бўридай қарашга ўрганиб қолдик. 10 дона сўта билан экспорт камайиб қолармиди дейиши мумкин қайсидир ақлли. Бунақа вазиятда ўғри битта бу одам бўлмайди, бу одам шунчаки қўлга тушгани холос. Мисол Анжан ҳокимиям, Фарғона ҳокимиям шу сўкиниб гапиргани учун қўлга тушаверганидан кўзимизга балодай кўринади, миндей опқараса фаришта ҳокимлар ҳам булардан бешбаттар сўкиниши мумкин, фақат уларни гапи чиқмайди запис бўлиб. Ўғри ҳам худди шундай. Шунчаки қўлга тушганини кўрдик.
Изоҳ (0)