МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг Ашхободдаги мажлиси дастури доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан учрашди.
«Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари бугун юксак даражага кўтарилганини катта мамнуният билан қайд этди», — дейилади Президент матбуот хизмати ахборотида.
Учрашувда савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, маданий-гуманитар алмашинув соҳаларида ва бошқа устувор йўналишларда икки томонлама амалий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.
Бундан ташқари, президентлар бўлажак олий даражадаги учрашувлар режасини кўриб чиққан, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашган.
Худди шу куни Шавкат Мирзиёев Арманистон бош вазири Никол Пашинянни ҳам қабул қилган. «Учрашувда савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди», — дейилади Президент матбуот хизмати ахборотида.
Қайд этишларича, учрашувда ҳукуматлараро ва идоралараро даражада ўзаро алмашинувларни йўлга қўйишга келишиб олинган. Халқаро сиёсат ва кўп томонлама ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликка доир долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Ашхободда Туркманистон ва Молдова президентлари билан учрашгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)