Сергели тумани Сергели 5А мавзесида янги кўп қаватли уйлар ёнида 2 та янги мактаб қурилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Сергели 5А массивида янги кўп қаватли уйлар қурилган, лекин боғча ва мактаб йўқлиги сабабли ота-оналар болаларини узоқдаги мактаб ва боғчаларга олиб борган. Ҳозирда 2 та янги мактаб қурилиши якунланмоқда.
Мактабларнинг ҳар бири 1 680 ўринга мўлжалланган бўлиб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва ХТВ буюртмаси асосида қурилмоқда. Қурилиш майдони 11 860 квадрат метрни ташкил этади.
Қайд этлишича, қурилаётган мактаблар барча замонавий талабларга жавоб беради. Мактабнинг 1—2-қавати бошланғич синфларга, 3—4-қавати юқори синфларга мўлжалланган.
Мактабда ошхона, 2 та спорт зали, мажлислар зали, ўқув синфлари, спорт майдонлари Wi-Fi зоналар, хоналарда электрон доскалар, замонавий компьютерлар ва видеокузатув камералари бўлиши режалаштирилган.
Бино 4 та блокдан иборат бўлиб, 48 та синфни ўз ичига олади. Ҳар бир синф ҳозирги замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланади. Мактаб ҳовлисида волейбол ҳамда баскетбол майдончалари ҳам бўлади.
Қурилиш ишлари ноябрь ойида якунланиши кутилмоқда.
Хабарда айтилишича, ушбу мавзеда мактабгача таълим ташкилоти ҳам қурилди.
Изоҳ (0)