Мактабгача таълим вазирлиги томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда Тошкент вилояти Бекобод туманидаги 15-сонли МТТ тарбияланувчиларида кузатилган ўткир диарея ва гастроэнтеритнинг келиб чиқиш сабаблари батафсил ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Соғлиқни Сақлаш вазирлиги қошидаги Республика ДСЕНМ хулосасига кўра, болаларда кузатилган ўткир диарея ва гастроэнтеритга таом тайёрлаш технологиясининг қўпол тарзда бузилиши, номувофиқ таомнома ҳамда овқатланиш бўлими ва МТТнинг бошқа ходимлари (тарбиячилар ва тарбиячи ёрдамчилар) томонидан санитария-гигиена қоидаларига амал қилмаганлиги сабаб бўлган.
15-сонли МТТ мудираси Моҳира Раҳматуллаева, ошпаз Шоҳида Қаҳрамонова ва ҳамшира Мавлуда Эргашева лавозим мажбуриятларини бажармаганлиги ва лоқайд хатти-ҳаракати натижаси оқибатида болалар соғлиғига зарар етказилганлиги сабабли, эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган.
27 сентябрдан 6 октябргача МТТ фаолияти вақтинчалик тўхтатилган. Ташкилотда умумий тозалаш, дезинфекция тадбирлари ва МТТдаги санитария-техника воситаларини таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Ходимларга санитария нормалари ва қоидалари бўйича 3 кунлик ўқиш ташкил этилган.
«МТТ 7 октябрдан бошлаб ишга тушди ва тарбияланувчиларни яна қабул қила бошлади», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)