Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Телерадиоузатиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, миллий телерадиоузатиш тизимига давлат, хусусий, жамоатчилик ва хорижий телерадиоташкилотлар кириши мумкин. Хорижий фуқаролар ва компаниялар фақат юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтгандан кейин эфирга узатиш билан шуғуллана олади. Шу билан бирга, чет эллик таъсисчининг улуши 30 фоиздан ошиб кетмаслиги лозим.
Узатувчи ташкилотларни хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, фаолияти ман этилган ННТлар, сиёсий партиялар, касаба уюшмлари ва диний ташкилотлар томонидан таъсис этилишига йўл қўйилмайди.
Телерадиоузатиш соҳасидаги лицензия берувчи орган Телерадиоузатиш кенгаши ҳисобланади.
Қонуннинг 25-моддасига кўра, Ўзбекистонда электрон оммавий ахборот воситалари цензурасига йўл қўйилмайди. Ҳеч ким узатувчи томонидан тарқатилаётган хабарлар ёки материалларнинг мазмунини олдиндан тасдиқлатиш, матнни ўзгартириш ёки эфирдан тўлиқ олиб ташлашни талаб қилишга ҳақли эмас.
Қонуннинг 27-моддасига биноан, телерадиоузатиш соҳасини монополлаштиришга йўл қўйилмайди. Шунингдек, бу соҳадаги етакчилик ўрнини суиистеъмол қилишга ҳам йўл қўйилмайди.Қонун лойиҳасида айтилишича, давлат телерадио ташкилотларини молиявий-сиёсий гуруҳлар ва давлат ҳокимияти ҳамда маҳаллий ўз-ўзини бошқарув органлари молиявий ва сиёсий босимидан ҳимоя қилишни кафолатлайди.
Босим ўтказиш ёки фаолиятига аралашиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, айбдор томон телерадиоузатувчига етказилган маънавий ва моддий зарар, шунингдек, аралашув оқибатларидан келиб чиқиши мумкин бўлган зарарни қоплаши шарт.
Компенсация миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан кам бўлиши мумкин эмас. Шу миқдордаги суммани айбдор томон давлат фойдасига ҳам тўлаб беради.
Изоҳ (0)