Ижтимоий тармоқларда UzAuto Motors компанияси эълон қилган акция бўйича ўқитувчилар «иш жойидан олиб борган маълумотнома салонларга ўтмаётгани, улар маълумотномани халқ таълими бўлимларидан олиб келиш лозимлигини айтаётгани» каби муаммоларга дуч келаётгани ҳақида маълумотлар тарқалган эди.

Фото: «Kommersant.uz»

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматидан маълум қилишларича, вазирлик ушбу масала юзасидан UzAuto Motors компанияси билан музокара олиб борган.

«Музокара натижасига кўра, ушбу масалага ойдинлик киритилди. Яъни, умумтаълим мактаби ўқитувчиси иш жойидан олиб борган маълумотномани дилерлар қабул қиладиган бўлди», — дейилади вазирлик ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors компанияси Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан махсус акция эълон қилган бўлиб, унга кўра ўқитувчилар Spark ва Lacetti автомобилларини мос равишда 6 ва 1 йил фоизсиз бўлиб-бўлиб пул тўлаш шарти билан сотиб олиши мумкин.