Мисрликлар Қоҳира ва бошқа шаҳарларга мамлакат президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси истеъфосини талаб қилиб чиқди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.
Норозилик намойиши роликлари Facebook ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилмоқда. Уларда намойишчилар 2011 йил инқилоби шиори — «Халқ тузум қулашини истамоқда» сўзларини ҳайқираётганини кўриш мумкин.
Норозилик намойишлари «Замалек» ва «Аҳли» жамоалари ўртасидаги футбол ўйинидан сўнг Мисрни бундан бир неча йил аввал тарк этган тадбиркор ва актёр Муҳаммад Али чақириғига биноан ташкилланди. У бир неча йил давомида Миср армияси контрактларини бажариш бўйича пудратчи бўлган. Алининг айтишича, у охирги шартномаси амалга оширилгани учун маблағ олмаган.
Испанияга қочиб кетганидан сўнг Али президент ва армияни коррупцияда айблади. Унинг расмийлар айбланган чиқишлари Facebook ва Twitter’да миллионлаб маротаба кўрилган. Шу ҳафтада Муҳаммад Али мисрликларни ўйиндан сўнг ўз норозиликларини билдириш учун бир соатга кўчага чиқишга чақирган. Миср президенти бунга жавобан Алини бўҳтонда айблади.
Изоҳ (0)