Фурқат Зокиров «Ўзбеккино» миллий агентлиги директори лавозимидан озод қилинди. «Дарё»нинг агентликдаги ишончли манбалари берган ахборотга кўра, унинг ўрнига Фирдавс Абдухолиқов агентликнинг янги раҳбари этиб тайинланган.

Фирдавс Абдухолиқов.
Фото: «Gazeta.uz»

56 ёшли Фирдавс Абдухолиқов 1992—1995 йилларда Ўзбекистондаги дастлабки хусусий телеканаллардан бири — «СТВ» ва илк нодавлат газеталардан бири — «Даракчи»га асос солган. 2003 йилдан Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига раҳбарлик қилиб келади.

Бундан ташқари, у Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг раиси ҳисобланади. Унинг продюсерлигида кўплаб ҳужжатли фильмлар суратга олинган, у BBC, Euronews, CNBC ва бошқа қатор хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Маълумот учун, Фурқат Зокиров 2017 йил августида «Ўзбеккино» миллий агентлиги директори этиб тайинланган эди. Зокиров ушбу лавозимда Отабек Мусаевнинг ўрнини эгаллаган эди.