Германиялик адвокат Ян Штро «Ким миллионер бўлишни хоҳлайди?» телешоусида иштирок этиш учун 15 йил тайёргарлик кўрди ва бош соврин — бир миллион евро ютиб олди. Бу ҳақда The Guardian хабар бермоқда.

Фото: The Guardian

Маълум бўлишича, 35 ёшли Ян Штро, ҳатто Гамбургдаги уйи ертўласида студиянинг немисча вариантини яратган. Шоунинг уйда яратилган вариантида мусиқа ва чироқлар эффекти ҳам бўлган.

У телешоуда қатнашиш учун бир неча марта сўровнома юборган, аммо ҳар гал рад жавобини олган. Ниҳоят омади чопиб, шоуда иштирок этиш таклифини олган.

Штронинг айтишича, у шу пайтгача узатилган 1407 та сондан бирортасини ўтказиб юбормаган. Ўспиринлик пайтида шоуни томоша қилиш учун, ҳатто оилавий тадбирларга ҳам бормаган. Шундан сўнг саволлар ва жавобларни батафсил таҳлил қилиб, иложи борича кўпроқ маълумотларни эслаб қолишга уринган. Шунингдек, дўстларини уйига таклиф қилиб, турли викториналар уюштирган.

«Деярли 16 йил вақтимни ўз викторинам асосида барча мусиқий эффектлари билан шоу ташкил этишга сарфлаганим, шубҳасиз, менга фойда келтирди», — деган Штро. Ғолибнинг айтишича, телешоуда ўзини уйида ўтказиладиган оддий викторинада ўйнаётгандек тасаввур қилишга ҳаракат қилган ва 500 евролик саволга жавоб берганидан кейингина хотиржам тортган.