Мустақилликнинг 28 йиллиги муносабати билан Наманган шаҳридаги ANAMED диагностика маркази директори Носирбек Абдуллахонов «Дўстлик» ордени билан тақдирланганди. У ушбу орден учун берилган 7 миллион сўм пул мукофотини ўзи таълим олган мактабга тақдим этди. Бу ҳақда «Дарё»га журналист Санжарбек Ҳамидов маълум қилди.
Носирбек Абдуллахонов 4 сентябрь — Билимлар куни қадрдон даргоҳи, Наманган шаҳридаги Маҳмуд Салоҳиддинов номидаги 4-умумтаълим мактабида бўлди. Бу инсон ўз вақтида математика фанлари доктори, ЎзФА президенти ва академиги бўлиб, Носирбек Абдуллахоновнинг тоғаси эди.
Мактаб номи шу ерда ўқиган академик шарафига қўйилган бўлиб, мазкур фан бўйича чуқурлаштирилган тарзда билим берилади.
Тантанали тадбирда сўз олган «Дўстлик» ордени соҳиби бугун тиббиёт ва тадбиркорлик соҳасида қўлга киритаётган муваффақиятлари учун мактабда таълим берган устозларига миннатдорчилик билдирди.
Давлат ордени учун берилган 7 миллион сўм пул мукофотини мактаб моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқувчилар учун янги бадиий китоблар ва ўқув қуроллари сотиб олиш учун тақдим қилди.
Изоҳ (0)