Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси 2020 йил бошида Ўзбекистонда атом электр станцияси қуриш ишларини бошлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Росатом» бош директори Алексей Лихачёв 3 сентябрь, сешанба куни журналистлар билан мулоқотда айтиб ўтди, деб хабар берди «Дарё» мухбири Севара Нишонова.
«Бизнинг вазифамиз — келгуси йил бошида молиялаштириш ҳамда лойиҳани жорий этиш босқичлари бўйича асосий қўшма қарорлар ва шартномага эга бўлиб, танлаб олинган майдонга чиқиш», — дейди «Росатом» раҳбари.
Унинг қайд этишича, ҳозирда Ўзбекистон Молия вазирлиги билан кредит шартномаси доирасида мулоқот бошланган.
«7 сентябрь куни Ўзбекистонда АЭС қурилиши лойиҳаси бўйича келишув имзоланганига бир йил тўлади. Ҳозирги кунда шартнома ҳужжатларида келажакдаги станциянинг образини, унинг асосий параметрларини тасвирлаш учун барча керакли билимларни тайёрладик. Шартнома бўйича бу иш давом этмоқда, биз йил охиригача шартномадаги юқори даражага чиқишни режалаштирмоқдамиз. Молия вазирлиги билан кредит шартномаси доирасида ўзаро алоқалар бўйича мулоқот бошланди.
Лойиҳа тижорий. Шунинг учун бизни келгусида лойиҳа қиймати ва муддати бўйича кўплаб жиддий музокаралар кутиб турибди», — дейди Лихачёв.
Изоҳ (0)