Самарқанд шаҳрида «Моддий ва номоддий маданий меросни асраш: долзарб муаммолари ва уларни ҳал қилиш стратегияси» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.
Бош вазир Абдулла Арипов Президент Шавкат Мирзиёевнинг конференция қатнашчиларига табригини ўқиб эшиттирди.
«130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаб келаётган мамлакатимизда миллий маданиятлар ва анъаналарнинг хилма-хиллиги, замонавий Ўзбекистоннинг ноёб маданиятини ҳосил қилди. Мамлакатда, айниқса, кейинги йилларда халқимизнинг моддий ва номоддий меросини сақлаб бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган катта ишлар амалга оширилмоқда. Бу ишларнинг ижобий натижаларини Самарқанд мисолида ўзингиз кўришингиз мумкин», — дейилади давлат раҳбари табригида.
Табрикда Президент ушбу конференцияни ўтказишни қўллаб-қувватлагани ва шахсан иштироки учун БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) бош директори Одри Азуле хонимга миннатдорчилик билдирган.
Маълумот учун, Самарқандда ўтказилаётган халқаро конференция ҳамда «Шарқ тароналари» мусиқа фестивали ЮНЕСКО шафеълигида ташкил этилмоқда.
Изоҳ (0)