25 август, якшанба куни «Ховос—Фарғона» йўналишидаги магистрал газ қувурида портлаш содир бўлди. Бу ҳақда «Сирдарё хабарлари» Telegram-канали хабар берди.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати ҳодиса тафсилотларини қуйидагича изоҳлади:
2019 йил 25 август куни соат 9:45 да Сирдарё вилояти Ховос тумани ‘Наврўз’ маҳалласи яқинидаги экин майдони ҳудудидан ўтган ‘Ховос—Фарғона’ магистрал газ тармоғининг 2-ниткаси 13,4 километридаги диаметри 1020 миллиметр бўлган қувурда портлаш содир бўлди.
Тармоққа хизмат кўрсатувчи Ғаллаорол магистрал газ қувурлари бошқармасининг Янгиер компрессор станцияси ходимлари томонидан соат 10:10 да қувурдан газ чиқиши бутунлай тўхтатилди.
Ҳудудда ёнғин ҳамда инсонлар ва ҳайвонларнинг жароҳат олиши билан боғлиқ талофатлар содир бўлмади.
Ҳозирги вақтда Янгиер компрессор станцияси ходимлари томонидан авария ҳолати бартараф этилмоқда.
Изоҳ (0)