26 август куни халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Дилмурод Раҳматуллаев лавозимидан озод этилгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Қўшни маҳалла» канали хабар берди.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов иштирокида ўтказилаётган мазкур йиғилишда Баҳромжон Ҳайдаров вақтинчалик ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида таништирилди.
Маълумот учун, Дилмурод Раҳматуллаев таълим тизимида турли лавозимларда ишлаган. Бир муддат вилоят халқ таълими бошқармасини бошқарган. 2016 йилдан буён Андижон шаҳрига ҳокимлик қилиб келаётганди.
У 2017 йилнинг кузида Андижон шаҳридаги қатор таълим муассасаларининг раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилгани тасвирланган аудиоёзувлар тарқалиб кетганидан сўнг интернетда машҳур бўлганди ва ўша йилнинг декабрь ойида суд ҳукми билан энг кам иш ҳақининг 30 баробари миқдорида жаримага тортилганди.
Шундан сўнг у 2018 йилнинг апрелида ўтказилган видеоселекторда шаҳар кўчаларини ободонлаштириш учун бюджет ташкилоти ходимлари, жумладан, мактабгача таълим муассасалари ходимларини тадбиркорлардан гул ва дарахт кўчатларини анча қиммат нархга сотиб олишга мажбурлагани учун бош вазир томонидан ҳайфсан олган ҳамда охирги маротаба огоҳлантирилган эди.
Изоҳ (0)