Россия президенти Владимир Путин Москва вилоятида маккажўхори майдонида самолётни қўндирган ва 233 кишининг ҳаётини сақлаб қолган «Урал ҳаво йўллари» компанияси учувчиларига «Россия қаҳрамони» унвонини берди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар қилди.
Хабарда қайд этилишича, ҳаво кемаси командири Дамир Юсупов ва иккинчи учувчи Георгий Мурзин «Россия қаҳрамони» унвони билан, қолган экипаж аъзолари эса «Жасорат» ордени билан тақдирланган.
15 август куни «Урал ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг А321 лайнери Подмосковенинг Раменский туманидаги маккажўхори даласига фавқулодда қўнишни амалга оширган. «Жуковский—Симферопол» йўналиши бўйича парвозга кўтарилган самолёт чайкалар галаси билан тўқнашган.
Сўнгги маълумотларга кўра, 73 киши, жумладан, 16 нафар бола тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Россия Тергов қўмитаси ЖКнинг ҳаво транспорти ҳаракати хавфсизлиги ва ундан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши бўйича моддаси билан жиноят иши қўзғатган. Шунингдек, махсус комиссия бу ишни текшириш билан шуғулланади.
Изоҳ (0)