13 август, сешанба куни Қозоғистоннинг Сариағаш тумани суди 2018 йилнинг бошида Ақтўбе вилоятида ёнғин туфайли 52 киши ҳалок бўлган автобус ҳайдовчисига ҳукм чиқарди. 46 ёшли Қозоғистон фуқароси Ордухан Мехтиев «била туриб техник носоз транспорт воситасини ишга чиқариш»да айбдор деб топилиб, уч йилга озодликдан маҳрум этилди, деб хабар беради «NUZ.uz».
Ордухан Мехтиев фожиа содир бўлганидан кейин бир йил давомида Ўзбекистон ҳудудида яшириниб юрган. Қозоғистон ҳукумати уни халқаро қидирувга берган эди. Маълум бўлишича, унинг номунтазам йўловчи ташиш лицензияси бўлмаган, автобус эса охирги марта 2015 йилда техник кўрикдан ўтказилган бўлган.
Мехтиев 20 ноябрь куни Тошкентда қўлга олинган, 26 декабрь куни Қозоғистонга экстрадиция қилинган. Суд жараёнида Мехтиев ўзига нисбатан эълон қилинган айбловга қўшилмаслигини билдирган.
Мехтиев жазо муддатини минимал хавфсиз колонияда ўтайди.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 18 январида «Чимкент—Самара» трассаси бўйлаб ҳаракатланган автобус ёниб кетган эди. Натижада автобус ичида бўлган 57 нафар Ўзбекистон фуқаросидан 52 нафари ёниб кетганди. Икки нафар йўловчи ва уч нафар ҳайдовчи омон қолган. Ноябрь ойида ҳайдовчилар беш йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
Изоҳ (0)