Бухоро шаҳрининг Меҳтар анбар кўчасида қурилиш ва таъмирлаш ишларини олиб бораётган ишчилар жамоаси тарихий топилмага дуч келди, деб хабар бермоқда «Azon.uz».
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, бу ердан қадимий қўлёзма манбаларида 16-асрга оид деб кўрсатилган «Кафши олак» ҳаммомининг қолдиқлари, ашёвий далиллари топилди.
«Топилмани ўрганиш ва у ҳақда маълумотга эга бўлиш мақсадида Бухоро вилоят тарихчилар илмий жамиятига мурожаат этиб билдикки, худди шу ҳудудда ‘Бозори кафш’, яъни оёқ кийими бозори бўлган. Қадимдан Эски шаҳарда мавжуд ўнлаб бозорлар ўз ҳаммомига эга бўлгани билан ҳам аҳамиятли, – деган Бухоро шаҳридаги 14-сонли ўрта умумтаълим мактаби ўқитувчиси Мадраҳим Турдиев.
Таъкидланишича, 19-аср иккинчи ярмида Бухоро шаҳрида гавжум савдо расталари, карвонсаройларга туташ 18 та ҳаммом фаолият юритгани ҳақида маълумотлар бор бўлиб, «Кафши олак» шундай жойлардан биридир.
Изоҳ (0)