Ўзбекистонда кредит битимини тузиш тақиқланган шахслар реестрини юритиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Унга кўра, ҳукумат қарори билан “Жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни Кредит битимини тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритиш ёки ушбу реестрдан чиқариш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Низомга асосан маълумотларни мазкур реестрга киритиш ёки чиқариш бўйича аризалар ЯИДXП (my.gov.uz), давлат хизматлари марказлари ёки кредит бюролари орқали тақдим этилади. Ариза берувчи ўзи келиб, кредит бюросига ёзма мурожаат этганда, ариза берувчига QR-код қўйилган маълумотнома берилади.
Давлат хизматлари марказлари хизматнинг натижасини у келиб тушгандан сўнг 10 дақиқа ичида ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва ариза берувчини бу ҳақида ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.
Кредит битимини тузишни тақиқлаш ёки тақиқни олиб ташлаш тўғрисидаги ариза юборилган сана ва вақт, тақиқ белгиланган ёки олиб ташланган сана ва тақиқ шартлари ҳақидаги маълумотлар шахсларнинг кредит тарихида акс эттириб борилади.
Давлат хизматлари марказлари ва кредит бюролари олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
Изоҳ (0)