Россиянинг Омск шаҳрида ўтказилган «РЕМБАТ» – «Энг илғор таъмирлаш ва эвакуация батальони» мусобақаси ўз якунига етди. Ўзбекистон терма жамоаси якка тартибдаги пойга, ҳарбий техника эстафетаси, отиш тайёргарлиги, жамоа сардорлари беллашуви шартларини кўнгилдагидек бажариб, якунда умумжамоа ҳисобида фахрли 2-ўринни қўлга киритди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти «Дарё»га маълум қилди.
Мусобақа 4 август куни старт олган эди. Ўзбекистон ҳарбий мутахассислари ушбу мусобақада биринчи маротаба иштирок этишига қарамай, бешта босқичдан иборат бўлган баҳсларнинг 4 тасида 2-, биттасида эса биринчи ўринни қўлга киритди. Умумий ҳисобда эса Россия биринчи бўлди. Учинчи ўрин Лаос жамоасига насиб этди. Дунёнинг кучли 8 жамоаси иштирок этган мазкур мусобақада Ўзбекистон жами 6022 балл йиғди.
«Ўзбекистонлик ҳарбийларнинг ушбу ютуғи Халқаро армия ўйинларида иштирок этаётган бошқа жамоаларга ҳам куч-ғайрат ва шижоат бахш этиши табиий», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)