Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов Alter Ego дастурига берган интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мобил телефон тутушини маълум қилди.
«У телефондан фойдаланадими? Одамлар унга қўнғироқ қилишадими?» деган саволга Алламжонов «Мен буни аниқ билмайман, лекин бир-икки марта мобил телефон орқали гаплашганини кўрганман», дея жавоб берган.
Комил Алламжонов, шунингдек, интервью давомида президентга олиб кириладиган маълумот ҳамда ахборотлар ҳақида ҳам гапириб берган:
«Президентга олиб кирилувчи маълумотлар филтрланмайди. Мен сизга бу нима учун шундай қилинишини тушунтириб бераман. Президент бир нечта маълумот манбаларига эга. Агар битта жамоа филтрлаб, қисқартирилган маълумот берса, бошқа жамоа бу ҳақда барибир ахборот тақдим этади. Тушуняпсизми? Шу тариқа, кимдир жуда қаттиқ гап эшитиши мумкин. Шунинг учун кун давомида пайдо бўлган барча нарсалар ҳақида хабар берилади.
Албатта, матнлар тўлиқ ҳажмда тақдим этилмайди, фақат сиқилган ҳолда, максимал даражада. Фактлар келтирилади. Яъни филтрлашнинг иложи йўқ, сабаби, яна бир бор қайтараман, президентда маълумот олишнинг жуда кўп имкониятлари бор, шу жумладан интернет орқали ҳам. Эҳтимол илгари филтрлаш мумкин эди, сабаби интернет йўқ, сайтлар ҳам деярли бўлмаган, фақат газеталар. Уларни эса кесиш ва фақат керак бўлган нарсаларни бериш мумкин эди. Ҳозир яшира олмайсиз», — деди Комил Алламжонов.
Шунингдек, унинг айтишича, Ўзбекистон Президенти мобил телефонга ҳам эга.
Изоҳ (0)