11—13 август кунлари Хива шаҳридаги «Ичан қалъа» давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида «Қовун сайли» ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар қилади.
Хоразм қовунчилигини кенг тарғиб қилиш орқали маҳаллий ва хорижий сайёҳларни эътиборини қаратиш ва сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида ўтказилаётган мазкур тадбир доирасида полиз (қовоқ, тарвуз) ва мевали боғ маҳсулотлари (шафтоли, олма, узум, нок ва қуруқ мевалар) кўргазмаси ўтказилади.
Шунингдек, кўргазма доирасида маҳаллий фолклор-этнографик гуруҳлар, ёш эстрада хонандаларининг чиқишлари, театрлаштирилган саҳналар ва ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиши ҳам ўтказилади.
«Хоразмнинг тилёрар қовун, тарвузлари ҳамда ширин-шакар мевалари мазасини тотиб, ҳақиқий байрам муҳитига тушишни истасангиз, 11—13 август кунлари «Ичан қалъа»га ташриф буюринг ва мазмунли ҳордиқ чиқаринг»,— дейилган хабарда.
Изоҳ (0)