Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти, туман ва шаҳар судлари томонидан жорий йилнинг 6 ойи мобайнида 2 минг 815 нафар шахсга нисбатан 1 минг 985 та жиноят иши кўрилиб, тамомланган. Тамомланган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25,6 фоизга камайган, бу ҳақда ЎзА хабар қилади.
2 минг 348 нафар шахсга нисбатан 1 минг 570 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган бўлиб, 460 нафар шахсга нисбатан 408 та жиноят иши тугатилди. Шунингдек, 38 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми ва ажримлари чиқарилди.
Тошкент вилояти Жиноят, Фуқаролик, Маъмурий ва Иқтисодий судлари ҳамкорлигида жорий йил 6 ой якунларига бағишлаб ўтказилган навбатдаги брифингда шу ҳақда маълум қилинди.
Президентнинг 2018 йил 13 июлдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида«ги фармонига мувофиқ, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказилиши белгиланган эди.
Мазкур фармон ижроси юзасидан ташкил этилган навбатдаги анжуманда вилоят, туман ва шаҳар судлари раислари, кенг жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Унда вилоят судлари томонидан жорий йил 6 ойи мобайнида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
«Шу даврда 10 минг 81 та фуқаролик иши кўриб, тамомланди. Кўриб тамомланган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21 фоизга камайган. Улардан 8 минг 360 таси бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган бўлиб, 7 минг 185 та даъво қаноатлантирилган. Шунингдек, 522 та фуқаролик иши бўйича иш юритиш тугатилган, 1 минг 199 та фуқаролик иши бўйича даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган», — дейди Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси Олимжон Исмоилов.
Вилоят ва туманлараро иқтисодий судларга жорий йилнинг йил 6 ойида 9 минг 352 та ариза келиб тушган. Улардан 7 минг 225 таси мазмунан кўриб чиқилиб, 6 минг 106 та даъво аризаси қаноатлантирилган. 725 таси рад қилиниб, 313 та даъво кўрмасдан қолдирилган. 81 та даъво бўйича иш юритиш тугатилган.
Ҳал этилган ишлар бўйича 972 миллиард 191 миллион 230 минг сўм миқдоридаги қарз ва етказилган моддий зарарни даъвогар фойдасига ундириш юзасидан қарор қабул қилинган.
Суд қарорига асосан ундирилиши белгиланган давлат божи миқдори 23 миллиард 281 миллион 390 минг сўмни, ихтиёрий тўланган давлат божи миқдори эса 779 миллион 570 минг сўмни ташкил этган.
Судлар томонидан иқтисодий низоларни кўриш жараёнида аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан 194 та суд таъсир чораси қўлланилган. Хусусан, 35 шахс маъмурий, 79 нафари моддий жавобгарликка тортилган.
Шу даврда вилоят маъмурий судлари томонидан 19 минг 275 шахсга нисбатан 16 минг 299 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар биринчи босқичда кўриб тамомланган. Кўриб тамомланган ишлар бўйича 9 минг 406 шахсга нисбатан 8,8 миллиард сўмлик жарима, 220 шахсга нисбатан махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 1 минг 579 шахсга нисбатан маъмурий қамоқ, 62 шахсга нисбатан республика ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш жазоси тайинланган.
Таҳлилларга кўра, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан айрим тоифа маъмурий ҳуқуқбузарликлар, жумладан, туҳмат, ҳақорат қилиш, майда безорилик кўпайган. Автотранспорт билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар эса сезиларли даражада камайган.
Изоҳ (0)