Яккабоғ тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаевнинг ҳаётига суиқасд қилганлигида айбланувчи тадбиркор Баҳриддин Исомов айни пайтда Тошкентда суд-психиатрия экспертизасини ўтмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратурага таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.
Яккабоғ тумани прокуратураси юқорида қайд қилинган ҳолат юзасидан 20 июль куни Баҳриддин Исомовга нисбатан Жиноят кодексининг 25 ва 97-моддаси 1-қисми билан жинойи иш қўзғатган.
Исомовнинг ҳимоя ҳуқуқи таъминланиб, ҳимоячиси Ш.Ғойиров иштирокида гумон қилинувчи тариқасида сўроқ қилинган. 21 июль куни Исомов Жиноят процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибда ушланиб, бу ҳақида яқин қариндошларига маълум қилинган ва қариндошлари томонидан олиб келинган кийим кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланган.
22 июль куни Исомовга айб эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Айбланувчи қариндошлари томонидан таклиф қилинган ҳимоячиси Х.Жабборов билан ҳоли учрашишига шароит яратиб берилган.
Исомовга нисбатан суд-психиатрия экспертизасига таяниб, Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ тумани судининг 22 июлдаги ажрими билан стационар тартибда суд-психиатрия экспертизаси ўтказиш учун Тошкентга юборилган. Шу куни унга турмуш ўртоғи Нодира Ҳайдарова ва ўғли Шарофиддин Даминов билан учрашув ташкил қилинган.
Изоҳ (0)