Тошкент шаҳар ҳокимлигида Жанубий Корея делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда «Интеграциялашган жамоат транспорти стратегиясини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш» мавзуси муҳокама этилди. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати маълум қилди.
Ўзаро мулоқот давомида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт учун транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, бу йўналишда хизмат кўрсатишни замон талаблари даражасига кўтариш муҳимлиги ва бу борада илғор давлатлар тажрибаси ўрганилганини қайд этди.
Шунингдек, бу борада Жанубий Кореянинг импорт ва экспорт банки мутахассислари билан ҳамкорликда ишлар бошланганлигини маълум қилиб, мазкур учрашув биргаликдаги ишларнинг амалий натижалардан бири эканлигини таъкидлади.
Учрашувда Корея Эксимбанки томонидан Тошкент шаҳар транспорт инфратузилмаси учун янги концепция тақдим этилди.
Мазкур концепцияда Тошкентда жамоат транспорти йўналишларини кўпайтириш ва шу орқали шахсий автотранспорт ҳаракатини камайтириш таклиф этилган. Кореялик мутахассисларнинг аҳамиятли таклифларидан яна бири тезюрар автобус йўналишларини ташкил этиш бўлиб, бу шаҳар ичида бир манзилдан иккинчисига тез, осон ва қулай етиб олишни таъминлайди.
Концепцияда мазкур тизимда хусусий тармоқ ишини ривожлантириш каби қатор ташаббуслар илгари сурилган бўлиб, энди шаҳар ҳокимлиги пойтахт жамоат транспортига масъуллар билан биргаликда ушбу таклифларни ҳаётга жорий этиш масалаларини кўриб чиқади.
Изоҳ (0)