АҚШ Конгресси қуйи палатаси аъзоси, 2020 йилда ўтказиладиган президентлик сайловларида Демократлар партиясидан номзод этиб кўрсатилган Тулси Габбард Google компаниясини судга берди, деб хабар қилади «ТАСС».
Бунга Google томонидан сайлов кампаниясига тегишли аккаунт вақтинчалик блоклаб қўйилгани сабаб бўлган.
The New York Times’нинг ёзишича, АҚШ президентилигига номзод йирик телекоммуникация компаниясини тарихда биринчи бор судга бермоқда. Даъво аризаси Лос-Анжелес федерал судига кўриб чиқиш учун юборилган.
Маълум қилинишича, Google Тулсининг сайлов кампаниясининг тарғибот ўтказиш ва ихтиёрий равишда эҳсонларни йиғишга мўлжалланган аккаунтини 27—28 июнь кунлари олти соатга блоклаб қўйган. Даъвода кўрсатилишича, бу орқали Google маълум миқдордаги эҳсонларнинг йиғилиши ва сайловчиларга ўз ғояларини етказилиши имкониятини йўққа чиқарган.
Габбард суддан Google сайлов жараёнларига бошқа аралашмаслиги ва жабрланувчи тарафга 50 миллион доллар миқдорида товон тўлашини талаб қилмоқда.
Изоҳ (0)