Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган Хитойнинг Хориждаги корхоналарни ривожлантириш бўйича ассоциацияси (CОДА) бош директори Хе Чженвей бошчилигидаги делегация Бухорода бўлди, деб хабар қилади ЎзА.
Хитой давлатининг турли соҳалар бўйича, жумладан, туризм, маданият, темир йўл транспорти, қурилиш индустрияси компаниялари ва корпорациялари ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегациясини вилоят ҳокими Ўктам Барноев қабул қилди.
Тадбирда Бухоро вилоятининг саноат, ерости фойдали қазилмалари, тўқимачилик, қишлоқ хўжалик ва бошқа соҳаларидаги салоҳияти тақдимот қилинди. Ўз навбатида Хитойнинг мазкур йўналишларда фаолият кўрсатаётган компаниялари имкониятлари билан таништирилди.
Шундан сўнг меҳмонлар Германиянинг «KNAUF gips Buxoro» хорижий корхонаси ва туркиялик инвесторлар томонидан барпо этилаётган замонавий технология, яъни гидропоника усулида помидор етиштириладиган иссиқхона қурилиши билан танишдилар. Шунингдек, улар пилла хом ашёсини қайта ишлайдиган «Brilliant Buxoro silk» масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлишди. Мазкур корхонада хитойлик мутахассислар ҳам иш олиб боришаётгани меҳмонлар эътиборини тортди.
Изоҳ (0)