Самарқандда доимий алкоголь истеъмол қилувчи эркаклар рўйхати тузилди. Энди улар мажбурий даволанишдан ўтиши керак бўлади. Бу ҳақда журналистларга Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раҳбари ўринбосари Мукаррам Нурматова маълум қилди, деб ёзади Sputnik.
«Биз пиёниста эркакларнинг рўйхатини тузишга мажбур бўлдик, чунки улар кеча-кундуз ичкилик ичиб, жамиятга фақат зиён етказади. Бизнинг ниятимиз шуки, эркаклар ичкилик ичиб, аёлларимиз билан жанжал қилмасинлар. Шу мақсадда рўйхатдагиларни мажбурлаб шифохоналарга жўнатдик. Даволансинлар, бошқалар каби бир қирда, бир сирда яшасинлар…», — деди Нурматова.
Таъкидланишича, бир неча ой олдин Самарқанд вилояти Булунғур туманида доимий алкоголь ичувчи эр хотинига оғир жароҳат етказган ва у касалхонага ётқизилган эди. Ўшанда ушбу вазият билан вилоят Хотин-қизлар қўмитаси шуғулланиб, Самарқанддаги барча пиёниста эркакларни рўйхатга олишни ва уларни назорат қилиб боришни ваъда берган эди.
Изоҳ (0)