Миробод туманидаги Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмда Тошкент шаҳар Ички ишлар идоралари профилактик ҳисобида турган 30 нафар ўқувчи-ёшлар учун ташкил этилган бир ҳафталик амалий семинар ўтказилмоқда, бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти «Дарё»га маълум қилади.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда Ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбир давлатимиз раҳбари илгари сурган беш муҳим ташаббуснинг амалий наъмунасидир.
«Ёшларни маънавий ва маърифий ишлар, жумладан, маданият, санъат соҳасида билимларини ошириш, жисмоний тарбия ва спорт машғулотларида иштирокини таъминлаш борасида бир ҳафталик режа тузиб олганмиз. Ҳарбий қисмда улар учун психологик тренинглар, профилактик суҳбатлар, саф тайёргарлиги бўйича махсус машғулотлар, ватанпарварлик руҳини тарғиб қилувчи видеофильмлар намойиши, китоблар мутолааси, компьютер технологиялари ҳамда рассомчилик тўгараклари каби амалий машғулотлар ташкил қилинган», — дейди катта лейтенант Ўктам Очилов.
Ҳафта давомида ёш аскарларни бадиий ва ҳарбий оркестрларнинг концерт дастурлари, сафда қўшиқ айтиш ҳамда ҳарбийлар иштирокидаги қўл жанги кўргазмали чиқишлари намойиш этилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, бу каби амалий тадбирлар ёшлар томонидан содир этилаётган турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга, уларда ватанпарварлик руҳини кучайтириш, эл-юрт хизматига доимо тайёр фарзанд сифатида тарбиялашга қаратилган.
Изоҳ (0)