Самандар Қўқонов 1994 йил 23 августда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қатор моддалари бўйича жиноят содир этгани учун 20 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бу ҳақда Олий суд маълум қилди.
С.Қўқонов 2016 йилда озодликка чиқарилган эди.
1945 йилда Сирдарё вилоятида туғилган С.Қўқонов Ўзбекистон Республикаси собиқ халқ депутати бўлган, «Таштранснефтмаҳсулот« корхонаси директори бўлиб ишлаган.
2019 йил 22 апрелда С.Қўқонов Ўзбекистон Республикаси Олий судига оқлов (реабилитация) талаб қиладиган кассация шикояти билан мурожаат қилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси ушбу жиноят ишини 2019 йил 12 июнда кўриб чиқишга киришди.
2019 йил 10 июль куни ушбу суд жараёни якунига етди. Яъни сўнгги суд мажлиси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг ажрими билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 1994 йил 23 августдаги ҳукми ўзгартирилди.
Ушбу ажримга кўра, С. Қўқоновнинг айбловидан бир неча моддалар чиқарилди, бошқа моддалар билан тайинланган жазолар ўзгаришсиз қолдирилди, қолган моддалар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига (1994 йил таҳрирдаги) мувофиқ қайта квалификация қилинди. С.Қўқоновга 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. С. Қўқонов жазони тўлиқ ўтагани инобатга олинди.
Ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилди.
С.Қўқоновга судда сўнгги сўз берилганида у ўзининг мутлақо айбсизлигини айтди.
Унга суд ҳукмидан норози бўлган тақдирда назорат тартибида шикоят қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.
Изоҳ (0)