2 июль куни Қарши шаҳридаги «Ватанпарварлар боғи»да коллеж битирувчилари учун диплом топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Жорий йил Қашқадарёдаги мавжуд 135 та касб-ҳунар коллежини 140 та касб бўйича 49 968 нафар ўқувчи тамомлаган бўлиб, шундан 4 963 нафари ўқишни имтиёзли, қизил диплом билан тамомлаган.
— Қарши туманидаги Агросаноат касб-ҳунар коллежини жорий йил 223 нафар битирувчи тамомлаган бўлиб, шундан 22 нафари имтиёзли диплом олишга муваффақ бўлди, — дейди коллеж директори Музаффар Аббосов. – Қувонарлиси, битирувчиларимизнинг аксарияти коллежимиз таркибида ташкил этилган ишлаб чиқариш мажмуаларида иш билан банд қилинди. Имтиёзли дипломга эга бўлган ўқувчиларимиз эса олий таълим муассасаларига ўқишга топшириш иштиёқини билдирган.
Тадбир коллеж битирувчилари учун ташкил этилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасига уланиб кетди.
Меҳнат ярмаркасида 392 нафар коллеж битирувчиси ва фуқаролар ишга жойлашиш истагида мурожаат қилган бўлса, 112 нафарига ишга жойлашиш бўйича корхона ва ташкилотлар томонидан йўлланмалар берилди. Ярмаркада 70 нафар мутахассис ишга жойлашди. 15 нафарига ҳақ тўланадиган жамоат ишлари таклиф қилинган бўлса, 20 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланадиган бўлди.
Изоҳ (0)