«Баҳоуддин Нақшбанд» мажмуасига зиёратга келиб, ота-онаси қаровисиз қолиб, «Биби Орифа» масжиди ҳовлисидаги ҳовузга тушиб кетган андижонлик 8 яшар бола ҳаёти қутқариб қолинди. Бу ҳақда Миллий Гвардия Бухоро вилояти Қўриқлаш бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Фаррух Қиличев маълум қилди.
Когон туманидаги «Баҳоуддин Нақшбанд» мажмуасига зиёратга Андижондан келган меҳмонлар 2011 йилда туғилган фарзандини бир зум кўздан йўқотишган. Ота-онаси қаровисиз қолган бола «Биби Орифа» масжиди ҳовлисида жойлашган ҳовуз бўйига келган ва оёғи сирпаниб кетиши оқибатида ҳовуз ички қисмига тушиб кетган.
Бола кутилмаган тасодифдан ўзини йўқотиб қўйган ва чўка бошлаган. Зиёратгоҳ доимий равишда Миллий Гвардия вилоят Қўриқлаш бошқармаси томонидан қўриқланиб келингани боис, 5-Алоҳида отряди шахсий таркиби 1-гуруҳ сафдор ходими Дадахон Хўжаев томонидан бола ўз вақтида қутқариб қолинган.
Бола ота-онасига соғ-саломат топширилган.
Изоҳ (0)