Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси томонидан кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимояси учун давлат бюджетидан ажратилаётган моддий ёрдам маблағларини манзилли ва мақсадли сарфланиши юзасидан навбатдаги молиявий назорат амалга оширилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар берди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тайинланган ижтимоий нафақаларни Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарори билан тасдиқланган «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низом талабларига мослиги назоратдан ўтказилганда бир қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Мисол учун, Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги «Ҳаловаттепа», «Мирзо Улуғбек», «Қалқон-ота» ва «Оқ-Олтин» маҳалла фуқаролар йиғинларида 2016—2018 йилларда ушбу маҳалла фуқаролар йиғинлари масъул ходимлари томонидан жами 712,3 миллион сўмлик маблағ ноқонуний сарфланишига йўл қўйилган.
Жумладан, Навбаҳор тумани ҳудудида рўйхатда турмайдиган ва яшамайдиган 43 нафар фуқарога «Ҳаловаттепа» (140 миллион сўм), «Қалқон-ота» (261,9 миллион сўм) ва «Мирзо Улуғбек» (119,3 миллион сўм) маҳалла фуқаролар йиғинларининг масъул ходимлари томонидан бир вақтнинг ўзида 521,2 миллион сўмлик нафақалар тайинланиб, уларнинг банк пластик карталарига асоссиз тўлаб берилган.
«Ҳаловаттепа» маҳалла фуқаролар йиғини масъул ходимлари эса ушбу маҳаллада яшовчи, лекин нафақа сўраб мурожаат қилмаган 5 нафар фуқарога 63,6 миллион сўмлик, маҳалла ҳудудида рўйхатга олинмаган ва яшамайдиган 2 нафар фуқарога 4,2 миллион сўмлик нафақа асоссиз равишда тайинланиб, уларнинг номига очилган банк пластик карталарига ўтказиб берилган.
Бундан ташқари, «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом»нинг 6-банди талабларига зид равишда бир вақтнинг ўзида икки турдаги нафақа тайинланиши оқибатида «Ҳаловаттепа» маҳалла фуқаролар йиғинида 2 нафар фуқарога 1,5 миллион сўмлик, «Қалқон ота» маҳалла фуқаролар йиғинида 4 нафар фуқарога 1,7 миллион сўмлик маблағ ортиқча тўланган.
Шунингдек, «Мирзо Улуғбек» маҳалла фуқаролар йиғини масъул ходимлари томонидан 37 нафар фуқарога 35,9 миллион сўмлик, «Оқ-олтин» маҳалла фуқаролар йиғини масъул ходимлари томонидан 52 нафар фуқарога 72 миллион сўмлик, «Қалқон-ота» маҳалла фуқаролар йиғини масъул ходимлари томонидан 20 нафар фуқарога 12,1 миллион сўмлик ортиқча нафақа тайинланиб, тўланганлиги антиқланди.
Аниқланган ҳолатларга қонуний бахо бериш учун назорат тадбирлари хужжатлари прокуратура органларига юборилди.
Изоҳ (0)