Ўзбекистон Мудофаа вазирининг қурол-аслаҳа ва қуролланиш бўйича ўринбосари полковник Ойбек Исмоилов раҳбарлигидаги Ўзбекистон ҳарбий делегацияси вакиллари Россия Федерациясида ўтказилаётган «Армия — 2019» бешинчи халқаро ҳарбий-техника форумида иштирок этмоқда, бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти «Дарё»га маълум қилди.
Форум давомида турли давлатларнинг корхона ва компанияларида ишлаб чиқарилган қурол-аслаҳа, ҳарбий техника ва ҳарбий-техник мулклар намойиш этилмоқда.
Ўзбекистон делегацияси форум давомида турли давлатлар корхона ва компанияларининг вакиллари билан қўшинларни замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника, ҳарбий-техник мулк ҳамда заҳира асбоб ва анжомлар билан қуроллантириш бўйича музокара ўтказмоқда.
Шунингдек, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни модернизация қилиш ва таъмирлаш ҳамда муҳандислик-техниклар таркибини тегишли давлатлар корхоналарига тажриба алмашинувига юбориш, давлатлар ўртасида ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳам музокаралар ўтказиш режалаштирилган.
Бешинчи халқаро ҳарбий-техник форум жорий йилнинг 30 июнига қадар давом этади.
Изоҳ (0)