Андижонлик 1392 нафар йигит-қиз 2018–2019 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 11-синфини олтин ва кумуш медаллари билан тамомлаган. Натижада вилоят ушбу кўрсаткич бўйича республикада биринчи ўринни эгаллаган. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармасига таяниб «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Андижон шаҳридаги «Баркамол авлод» болалар ижодиёти марказида умумтаълим мактабларини аъло баҳога тамомлаган битирувчиларга медалларни топшириш маросими ўтказилди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Фурқат Бузруковнинг айтишича, ўтган ўқув йилида вилоятдаги умумтаълим мактабларининг 11-синфини 30 минг 402 нафар йигит-қиз муваффақиятли тугатиб, мустақил ҳаётга йўлланма олган. Уларнинг 736 нафари олтин ва 656 нафари кумуш медалга сазовор бўлган.
— Жорий йилда мактабимизни 36 нафар ўқувчи тамомлади, — дейди Андижон туманидаги 36-сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб интернати битирувчиси, олтин медаль соҳиби Жавоҳир Тоҳиров. – Шундан 8 нафари олтин ва яна 8 нафари кумуш медалига сазовор бўлди.
Тадбир давомида жорий йилнинг 6—11 июнь кунлари Тошкент шаҳрида умумтаълим фанлари бўйича 11-синф ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтган Республика фан олимпиадасининг якуний босқичида юқори натижаларни қайд этган ўқувчилар ҳам вилоят ҳокимлиги ва халқ таълими бошқармасининг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» Республика танловининг вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичига йўлланма олган ғолибларга ташкилотчилар томонидан совғалар топширилди.
Изоҳ (0)