Сирдарё вилояти ҳокими Ғофиржон Мирзаев ОАВ ходимларининг касб байрами арафасида журналистлар билан учрашди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар берди.
Ҳоким жорий йилги касб байрамини вилоятдаги барча ОАВ ходимлари иштирокида ҳар йилгидан мутлақо ўзгача, тантанавор ўтказиш, кекса, бемор журналистларни айём билан табриклаш, ҳолидан хабар олиш бўйича вилоят ҳокимлигининг масъул ходимларига топшириқлар берди.
Байрам муносабати билан ОАВ ходимларига планшетлар совға қилинадиган бўлди.
Яна Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган маҳаллий ҳамда республика ОАВ ходимларидан иборат катта гуруҳнинг Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида мазкур олий ўқув юрти жамоаси ҳамда сирдарёлик талабалар билан учрашувини ўтказишга ҳам келишиб олинди. Ғофиржон Мирзаев вилоятда журналист кадрларга бўлган эҳтиёж жуда катта эканлиги, шу боис ушбу ўқув масканида янада кўпроқ сирдарёлик ёшларнинг ўқиши учун университет раҳбариятига квота ажратиш бўйича таклиф киритилаётганини айтди.
Мулоқот сўнггида вилоят ҳокими соҳа ходимлари билан тез-тез ва юзма–юз учрашувлар ўтказиб турилишини маълум қилди.
Изоҳ (0)