Ижтимоий тармоқлар орқали Сурхондарё вилоятининг Денов туманида истиқомат қилувчи Турдихон Кенжаева ҳамда Мақсуда Бобоеванинг оғир ижтимоий аҳволда экани ҳақида маълумот ва видео тарқалган эди.
Ушбу масала юзасидан ойдинлик киритиш мақсадида Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари Тошкент шаҳар «Меҳр саховат уйи» реабилитация маркази муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, уларни реабилитация қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш маркази раҳбари, подполковник Баҳодир Душаев иштирокида Турдихон Кенжаева ҳамда Мақсуда Бобоева билан мулоқот қилди.
Маълум бўлишича, 1978 йилда Денов туманида туғилган Т. Кенжаева оғир ижтимоий муаммолар гирдобига тушиб қолган. Ўзи ва фарзандлари бир неча бор фуқаровий эри Т.О. томонидан маънавий ва жисмоний зўравонликларга дуч келган. Ҳозирда Тошкентдаги «Меҳр-саҳоват уйи» реабилитация марказида яшаб келмоқда.
Марказда истиқомат қилаётган М. Бобоева ҳам худди Кенжаева сингари оилавий муаммолар туфайли икки йил бурун ота уйидан чиқиб кетган ва ҳануз турли жойларда яшаб келмоқда. Денов туман ҳокими унга вақтинча яшаш учун 2018 йилда эски мактаб биносидан хона ажратиб берган, аммо жой аёлни қониқтирмаганлиги учун рад этган.
Қўмита раҳбарияти ушбу масала бўйича Денов тумани ҳокими билан суҳбатлашди ҳамда аёлларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилди. Т. Кенжаевага Денов туманидаги «Намуна» МФЙда 2 сотих ер майдони ажратилиб, ҳомийлар ёрдамида уй-жой қуриб беришга келишилди.
Шунингдек, М. Бобоевага ҳам туман ҳокимлиги томонидан ўрнатилган тартибда хонадон ажратиш бўйича кафолат хати тақдим этилган.
Мазкур масала Хотин-қизлар қўмитаси назоратига олинган.
Изоҳ (0)