Халқ таълими вазирлиги «Тошкент шаҳар халқ таълими муассасаларини замон талаблари асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳасини муҳокамага қўйди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатга кўра, Молия вазирлиги Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Халқ таълимини ривожлантириш жамғармасига Тошкент шаҳрида 12 та янги қурилган маҳалла учун мактаблар қуриш, 50 та мактабни реконструксия қилиш, 98 та мактабни мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш мақсадида давлат бюджетидан 2019 йил якунига қадар қўшимча 400 миллиард сўм ва 2020 йилда ҳам 400 миллиард сўм ажратиши режалаштирилган.
Тошкентдаги фаолияти тугатилаётган академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг бино ва иншоотлари, тегишли ҳудудидаги ер майдонлари, балансида мавжуд барча моддий қийматга эга жиҳоз ва ускуналари билан биргаликда оператив бошқариш ҳуқуқи билан халқ таълими тизими тасарруфига берилиши кўзда тутилган.
Халқ таълими вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда давлат-хусусий шериклик ва хусусий шаклда нодавлат таълим муассасалари тармоғини янада кенгайтириш чораларини кўриши, бунда 2020 йилдан бошлаб 4 йил муддатга тажриба-тариқасида таъмирталаб мактабларни хусусий сектор вакилларига бошқарувга бериш амалиётини жорий этиш таклиф этилмоқда.
Ҳужжатга кўра, мактаб ўқитувчиларни малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш учун тренинглар, курслар, семинар, маҳорат дарслари ташкил этиш режалаштирилган. Жумладан, Тошкент мактабларидаги 600 дан ортиқ ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар учун истисно тариқасида Тошкент давлат педагогика университетининг сиртқи бўлимида алоҳида мақсадли қабул квоталарини ажратган ҳолда ўқитилиши ташкил этилади.
Шунингдек, 2019—2020-ўқув йилидан бошлаб Тошкентдаги умумий ўрта таълим мактабларида фаолият юритаётган тажрибали ва маҳоратли ўқитувчиларни таълим сифатини оширишга қўшган шахсий ҳиссалари учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қўшимча рағбатлантириш тизимини жорий этиш кўзланган.
Бундан ташқари, 2020—2025 йилларда Тошкентда жаҳон стандартлари асосида умумий ўрта таълим берувчи халқаро мактабларни ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Бешта муҳим ташаббус доирасида 2019—2020-ўқув йилидан бошлаб Тошкентдаги барча театрларда ҳар ойда бир кун мактаб ўқитувчилари учун бепул спектакллар намойиши, шунингдек, таниқли санъаткорлар билан учрашувлар ташкил этилади.
Пойтахтдаги барча умумий ўрта таълим муассасалари юқори тезликдаги интернет алоқаси билан имтиёзли асосда таъминланади ва ҳар бир мактабда компьютер клублари ташкил этилади.
Изоҳ (0)